Олтинкўлда ипак қурти боқишга киришилди
Жорий йилда Олтинкўл тумани пиллакорлари томонидан 181 тоннадан зиёд «кумуш тола» хирмонини яратиш режалаштирилган.
Пиллачилик мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири, қолаверса, енгил саноатнинг муҳим хомашёси ҳисобланади. Шу боис ҳам юртимизда пиллачиликни ривожлантириш, сифатли пилла етиштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Ипак қурти боқиш, пиллачилик соҳасида ўзига хос тажриба мактаби шаклланган Олтинкўл туманида жорий йилда 3 минг 237 қути ипак қурти парваришланиб, 181 тонна пилла хомашёси етиштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Тумандаги 8 та марказлашган инкубатория танлаб олиниб, 12-16 апрель кунлари уруғлар қўйилган эди. Парваришга тайёр бўлган ана шу уруғлар куни кеча тумандаги Намуна, Ашуров ҳамда Андижон массивларидаги пиллакорларга етказиб берилди. Яъни 270 нафар пилла етиштирувчига 300 қути ипак қурти тарқатилди.

Умуман, туманда пилла етиштириш бўйича белгиланган барча ишлар режа асосида олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар 2 минг 600 нафар ипак қурти боқувчи билан келишувлар тузилди. Улар томонидан сўкчаклар тайёрланиб, ипак қурти парвариши бўйича барча агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш чоралари кўрилди.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА