Олтинкўл тумани камбағалликдан холи ҳудудга айланади
Жорий йилда Андижон вилоятининг Асака, Олтинкўл, Хўжаобод, Шаҳрихон туманлари ҳамда Андижон шаҳрини ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айлантириш, “оғир” тоифадаги Бўстон, Пахтаобод ва Улуғнор туманларида камбағалликни камида икки баробар қисқартириш белгиланган.
Бу борада Олтинкўл туманида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ўтган йил бошида туманда камбағаллик даражаси 9 фоизни ташкил этган бўлса, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар натижасида йил якунига келиб, ишсизлик даражаси 4,4 фоизга, камбағаллик даражаси эса 2 фоизга туширилди.
– Камбағалликни қисқартириш мақсадида хонадонлар тоифаларга ажратиб олинди. Ҳар бир хонадон “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифага ажратилди. Даромади кам, лекин даромад топишга ҳаракат қилаётган ва муҳтож оилалар билан ишлашга, ҳар бир маҳалланинг “ўсиш нуқтаси”, яъни ихтисослашувидан келиб чиқиб, уларнинг даромадини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Маҳаллалар деҳқончилик ва иссиқхона хўжалиги, чорвачилик ва паррандачилик, боғдорчилик, савдо, хизматлар кўрсатиш ҳамда мебелсозликка ихтисослаштирилди, – дейди туман ҳокими Отавуллахон Расулов.
Тумандаги Ижтимоият маҳалласидаги 547 та хонадонда 3 минг 200 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалланинг асосий драйвери мебелсозлик ҳисобланади.
– Маҳалламиздаги 427 та хонадонда мебель тайёрлаш, ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, – дейди “Ижтимоият” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Одилжон Даминов. – Шунингдек, хонадонларда 220 та иссиқхона мавжуд. Бундан ташқари, деҳқончилик қилиш учун 87 нафар фуқарога 15 сотихдан ер ажратиб берилган.
[gallery-27647]
Дарҳақиқат, маҳаллада “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида мебель маҳсулотларини тайёрлаш йўлга қўйилган. Маҳалладаги 427 та хонадон ана шу иш билан шуғулланади. Тайёрланаётган мебеллар нафақат Андижон бозорларида, балки Наманган, Фарғона, Тошкент, Жиззах вилоятларидаги савдо ташкилотларига етказиб берилади, шу билан бирга қўшни давлатларга экспорт қилинади.
– Ўн йилдан бери мебелсозлик билан шуғулланиб келамиз, – дейди якка тартибдаги тадбиркор Тўланбой Назиров. – Бир неча турдаги стол-стуллар тайёрлаймиз. Оила аъзоларимиздан ташқари, яна 5 нафар киши доимий иш билан банд. Ишчиларимиз бажарган ишига қараб 4 – 4,5 миллион сўм маош олади. Шу иш ортидан даромад топиш билан бирга, ҳунар ўрганиш истагидаги маҳалладошларимизга, айниқса, ёшларга мебелсозлик ҳунарини ўргатиб келяпман.
Мебелсозлар кўчасида яшовчи Нигорахон ва Сардорбек Мамажонов хонадонида ҳам буюртма асосида турли кўринишдаги стуллар тайёрлаш йўлга қўйилган.
– Буюртмага қараб стул тайёрлаймиз, – дейди Нигорахон Мамажонова. – Бу жараёнда оиламиздаги каттаю кичик иштирок этади. Мураккаб ишларни турмуш ўртоғим бажарса, бўёқлаш, ғилоф қилиш каби енгил ишларни фарзандларим билан бирга тайёрлаймиз.
Ўтган йилнинг ўзида маҳалладаги хонадонларда 5 та янги иссиқхона барпо этилиб, маҳалладаги иссиқхоналар сони 220 дан ортди. Иссиқхоналарда бодринг, помидори, булғор қалампири, карам, бақлажон сингари маҳсулотлар ва гул кўчатлари етиштирилади. Миришкор деҳқонлар йилнинг тўрт фаслида бозорни сифатли ва сервитамин маҳсулотлар ҳамда зиравор кўкатлар билан тўлдириб келади.
Маҳалланинг Ҳурзамон кўчасида яшовчи Муқаддасхон ва Раҳимжон Исмоилов хонадонида 5 сотих майдонда иссиқхона барпо этилган.
– Келинларим, набираларим билан иссиқхонада меҳнат қиламиз, – дейди Муқаддас Исмоилова. – Иссиқхонадан йилига камида икки марта ҳосил оламиз. Ҳозирда парваришлаётган карам кўчатлар апрель ойида етилади. Кўчатларни Олтинкўл ва Андижон бозорларига етказиб берамиз. Бу иш ортидан яхшигина даромад топяпмиз. Деҳқончилик ортидан уйлар қуряпмиз, тўйлар қиляпмиз, турмушимиз чиройли ўтмоқда.
– Умуман, маҳалламиз тумандаги энг обод, файзли, аҳил ва тинч маҳаллалардан бири ҳисобланади, – дейди маҳаллада иш олиб бораётган ҳоким ёрдамчиси Гулдона Қурбонова. – Уруш-жанжали, низоли оилалар умуман йўқ. Энг асосийси, бекорчи одамнинг ўзи йўқ, ҳамма ўз иши билан банд. Ўтган йил бошида маҳалламизда камбағал оилалар сони 42 та бўлган бўлса, жорий йил бошига келиб 10 тага тушди.
Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, бандлигини таъминлаш мақсадида маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, банк агенти тавсияси билан 49 нафар фуқарога 1 миллиард 88 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди, 4 нафар фуқарога субсидия асосида қиймати 55 миллион сўм бўлган тикув машиналари берилиб, уларнинг бандлиги таъминланди.
Умуман, мазкур маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, аввалги йилларда “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган, деҳқончилик қилиб, ўз даромадини ошириш истагидаги 200 нафардан зиёд фуқарога 10-15 сотихдан ер берилган. Берилган ерларда “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда.
– Ажратиб берилган 15 сотих ерга дастлаб картошка экдик, – дейди маҳалланинг Роҳатбахш кўчасида яшовчи Моҳира Ҳамидуллаева. – Оиламиз эҳтиёжидан ортганини сотиб беш миллион қўшимча даромад олдик. Картошкадан бўшаган ерга маккажўхори экиб, ундан ҳам мўл ҳосил олдик.
Олтинкўл туманидаги Ижтимоият ва ҳар бир шу каби кўплаб маҳаллаларни ишсизлик ва камбағалликдан ҳоли ҳудудга айлантиришга қаратилган кенг кўламли режалар ўзининг ижобий натижасини бермоқда.
Ф. Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.