Олтин ва кумуш медаллар топширилди
Гулистон шаҳридаги “Фаровон“ тантаналар уйида умумтаълим мактабларини аъло баҳоларга тамомлаган битирувчиларга олтин ва кумуш медалларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Жорий ўқув йилида Сирдарё вилоятидаги 337 та умумтаълим мактабининг 11-синфини 10 минг 361 нафар йигит-қиз муваффақиятли тугатиб, мустақил ҳаётга йўлланма олди. Битирувчиларнинг 249 нафари олтин ва 42 нафари кумуш медалга сазовор бўлди.

Тадбирда иштирок этган Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев бугун мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида навқирон авлод камолоти йўлида беқиёс имкониятлар яратиб берилаётганини таъкидларкан, йигит-қизларни бу имкониятларни қўлдан бой бермасликка чақирди, умрнинг ёшлик фасли ўқиб-изланиш, ҳаётда, жамиятда ўз ўрнини топиш учун энг қулай фурсат эканини қайд этди.

Битирувчи ёшларнинг вакиллари ҳам сўзга чиқиб, орзу-истаклари, мақсадлари ҳақида гапирдилар. Таълим берган устозларига миннатдорчилик билдиришди. Санъаткорларнинг чиқишлари барчага юқори кайфият бағишлади.


Ўқув йили вилоятда муваффақиятли якунланмоқда, дейиш мумкин. Боиси, битирувчиларнинг 358 нафари муддатидан олдин нуфузли олий таълим муассасалари талабаларига айланди, 13 нафари халқаро грантлар соҳиби, 542 нафари хорижий тил билиш сертификатларига эга бўлди. Шунингдек, “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий ватанпарварлик ҳаракати аъзоларининг 68 нафари имтиёзли тавсияномаларни қўлга киритди.
Ш.Суяров, Ш.Ортиқбоев (сурат),
ЎзА мухбирлари