“Олтин бошоқ” обод маҳаллага айланди
Мамлакатимизда “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари доирасида бир қатор ибратли ишлар амалга оширилиб, маҳаллалар қиёфаси тубдан ўзгармоқда.
Бу борада Қашқадарё вилоятида ҳам кўплаб эзгу ва хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида вилоятда обод масканлар сони яна биттага кўпайди. Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида вилоятнинг Миришкор туманида жойлашган олис “Олтин бошоқ” маҳалласи инфратузилмаси тўлиқ қайтадан янгиланиб, фойдаланишга топширилди. Бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларининг якуни ҳақиқий байрам тусини олди.
Тадбирда вилоят ҳокими бошчилигидаги сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар, маҳалла оқсоқоллари, фаоллари ҳамда маҳалла фуқаролар иштирок этди. Шу кунга қадар 512 та хонадон, 2,5 минг нафарга яқин аҳоли яшаб келаётган Олтин бошоқ маҳалла фуқаролар йиғинининг маъмурий биноси мавжуд бўлмаган. Мазкур дастур доирасида “Маҳалла еттилиги” фаолиятига мослаштирилган янги маҳалла биноси қуриб фойдаланишга топширилди. Бинода муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш мақсадида қуёш панеллари ўрнатилди. - Маҳалламизда қисқа муддатда амалга оширилган бунёдкорлик ишларини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди, - дейди маҳалла раиси Холмурод Асадов. – Дастур доирасида маҳалла биноси қуриб берилди. Бирорта текисланмаган, қум-шағал ётқизилмаган кўча қолмади. 7 та кам таъминланган оила хонадонлари капитал таъмирлаб берилди. Спорт майдончалари, қишлоқ врачлик пункти ҳамма-ҳаммаси янгиланди. Хуллас амалга оширилган бу эзгу ишлардан аҳолимиз жуда хурсанд. Беш километр ички хўжалик автомобил йўлларига тош-шағал ётқизилиб, маҳалланинг ички кўчаларида 1,3 километр пиёдалар йўлакчаси барпо этилди. Тунги вақтларда ёритиш учун 50 дона қуёшдан қувват олувчи тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди.
Дастур доирасида аҳоли хонадонларини электр-энергияси билан таъминлаш мақсадида 185 дона темир-бетон устунлар ўрнатилди ва 5 минг метр янги линиялар тортилди. Ушбу жараёнда 2 та янги 100 кВтли трансформатор ўрнатилди, мавжуд 3 таси таъмирланди. - Бу жойларга илгари келган киши чўлга келгандек бўларди, - дейди шу қишлоқлик фахрий Иброҳим бобо Тошқулов. – Мана кўрингки ҳозир кичкина бир шаҳарчага ўхшаб қолди. Кўчаларимиз равон ва ёруғ бўлди. Маъмурий бинолар қурилди. Спорт майдончалари, гўзаллик салонлари барпо этилди. Бундан халқимиз жуда миннатдор. Шу ишларини бошида турганларга раҳмат. Ҳудуддаги 2005-2015 йилларда фойдаланиб келинган “Янги Жейнов” қишлоқ врачлик пункти биноси ҳам жорий таъмирлангач, “Олтинбошоқ” оилавий шифокорлик пункти сифатида қайтадан фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда бу тиббиёт маскани 2 минг 400 нафардан ортиқ фуқарога тиббий хизмат кўрсатишни бошлади.
[gallery-15055]
– Ўзим шу қишлоқданман, узоқ йиллардан буён мана шу врачлик пунктида патронаж ҳамшира бўлиб фаолият юритаман, – дейди Холида Асадова. – Илгариги биномизнинг шароитлари жуда қониқарсиз эди. Бино маънан эскирган, беморларга тиббий хизмат кўрсатиш учун шарт-шароитлар умуман йўқ эди. Энг қизиғи бор йўғи икки киши ишлардик. Дастур доирасида бино қайта таъмирланди ва оилавий шифокорлик пунктига айлантирилди. Стационар даволаниш учун койкалар ташкил этилди.
Иситиш тизими йўлга қўйилди. Тиббий жиҳозлар келтирилди. Иш ўринлари кўпайди. Албатта бу маҳалламиз аҳолисига сифатли тиббий хизмат кўрсатишимизда муҳим аҳамият касб этади. Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 120 ўринли 27-умумтаълим мактаби биноси 1994 йилда қурилган. Дастур доирасида мактаб атрофи девор билан ўралиб, бинонинг ички 11 та хонаси жорий таъмирланди.
Шунингдек, мактабдаги иссиқлик тизими ишга туширилди. Маҳаллада бугунга қадар йўловчилар учун бирорта бекат бўлмаган. Дастур доирасида савдо дўкони ва йўловчи кутиш қисмини ўз ичига олган янги бекат қурилиб, фойдаланишга топширилди. Имтиёзли кредит ҳисобидан шу қишлоқлик тадбиркор томонидан янги тикув цехи, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи цех ташкил этилиб, бир гуруҳ хотин-қизлар иш билан таъминланди. Ёшларни спорт ва жисмоний тарбияга жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида “Work-out” майдончаси, сунъий қопламали мини футбол ўйингоҳи ҳам фойдаланишга топширилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари жорий этилаётган маҳалладаги 3 гектар майдонда янги “Ички ишлар бўлими боғи” барпо этилиб, 4 минг дона манзарали ва мевали дарахтлар кўчатлари экилди. “Олтин бошоқ” маҳалласи ҳудудига кириш қисмига замонавий кўринишдаги стелла ўрнатилиб, теварак атрофи ободонлаштирилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари