Олотлик ғаллакорлар зафар қучди
Олот тумани ғаллакорлари Бухоро вилоятида биринчи бўлиб шартнома режасини бажарди.
Шу муносабат билан Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов олотлик ғаллакорларни улкан меҳнат ғалабаси билан самимий қутлади.

Олотда ғалла етиштириш салмоғи йил сайин ошмоқда. Жумладан, ўтган йили ҳудудда бевосита ғаллачилик тармоғида банд бўлган 201 та фермер хўжалиги ва улар билан ҳосил етиштиришга доир шартнома тузган “Olot cotton cluster” таъминотчи агрокластери томонидан 5 006 гектар майдонда бошоқли дон парваришланган ва бунинг натижасида бултурги мавсумда давлатга 12 минг 335 тонна ғалла сотишга эришилган.
Жорий йилги ўрим-йиғим даврида эса 206 та фермер хўжалиги томонидан ҳудуддаги 5369 гектар майдонда кузги бошоқли дон экиб парваришланган бўлса, шу кеча-кундузда уюшқоқлик билан олиб борилаётган ўрим-йиғим даврида белгиланган 13096 тонна ўрнига 13230 тоннага етказиб буғдой хирмони барпо қилинди.

Тумандаги “Ҳамдам полвон”, “Ҳиммат”, “Шукрулло Ўринов”, “Саид Чори саховати”, ”Зиёдулло Лутфулло замини”, “Ўктам Авез” каби фермер хўжаликларида ҳар гектардан олинган ҳосилдорлик 90 центнердан юқори бўлди. Шунингдек, Қирлишон ҳудудидаги “Саид Чори саховати”, Шарқ юлдузи ҳудудидаги “Бозор Жаббиев”, Пахтакор ҳудудидаги “Норбойжон Эргашев”, Гулистон ҳудудидаги “Соҳибжон Раҳимов”, “Ғаффор Ҳайдар” каби фермер хўжаликлари пешқадамлар сафида бўлди.

Ўтган йиллардаги тажрибадан келиб чиққан ҳолда бу йил ҳам долзарб паллада ғаллазорларда 22 та комбайн ва ўрим отрядлари кучидан унумли фойдаланилмоқда. Кунлик ўриб олинаётган буғдойни қабул масканига ташиш учун 90 тага яқин юк автомашинаси бириктирилган.
Бу саъй-ҳаракатлардан мақсад бу йилги мавсумда туманда ялпи ғалла хирмонини 33 минг тоннага етказишдир.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири