Олот тумани ҳокими “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, юрт тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида самарали меҳнат қилаётган фидойи инсонларнинг хизматларини муносиб эътироф этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президентимиз ташаббуси билан қарор топган бундай эзгу тамойил жамиятда меҳнатга ҳурмат, ташаббускорлик ва масъулият туйғусини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига мувофиқ, Бухоро вилояти Олoт тумани ҳокими Наргиза Нематова “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
Мазкур юксак давлат мукофоти унинг мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардаги фаол иштироки, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, жойлардаги муаммоларни ҳал этиш ҳамда халқ манфаатлари йўлида олиб бораётган самарали меҳнатининг эътирофидир.
Бугун вилоят ҳокимлигида давлат мукофотини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Вилоят ҳокими Ботир Зарипов Президентимиз номидан “Фидокорона хизматлари учун” орденини Наргиза Нематовага топширди.
Тадбирда ушбу мукофот унинг кўп йиллик самарали меҳнати, раҳбарлик фаолиятидаги ташаббускорлиги, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлидаги хизматларига берилган юксак баҳо экани таъкидланди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда маҳаллий раҳбарлар фаолиятига фақат белгиланган вазифалар ижроси нуқтаи назаридан эмас, балки уларнинг одамлар ҳаётида қандай ижобий ўзгаришларга сабаб бўлаётгани, аҳоли муаммоларига қай даражада ечим топаётгани ва ҳудуд имкониятларидан қанчалик самарали фойдаланаётгани асосида баҳо берилмоқда.

Чунки ҳудудни ривожлантириш бу фақат янги иншоотлар қуриш ёки иқтисодий кўрсаткичларни оширишдан иборат эмас. Бу, энг аввало, инсонлар учун муносиб турмуш шароитини яратиш, бандликни таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасини яхшилаш, ҳар бир маҳаллада одамларни ўйлантираётган масалаларга амалий ечим топиш демакдир.
Шу маънода, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган инсон қадрини улуғлаш, халқ билан мулоқотни кучайтириш ва маҳаллий даражадаги бошқарув самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар раҳбарлар зиммасига янада катта масъулият юкламоқда. Бунда энг муҳим мезон аҳолининг розилиги, амалий натижа ва одамлар ҳаётида сезилаётган ижобий ўзгаришлардир.
Наргиза Нематованинг юксак давлат мукофоти билан тақдирланиши ҳам ана шу эътибор ва эътирофнинг ёрқин ифодасидир. Айни пайтда бу эътироф нафақат меҳнатга берилган баҳо, балки келгусидаги вазифаларни янада юқори масъулият билан бажаришга ундайдиган катта ишонч ҳамдир.
Олот тумани аҳли учун ҳам ушбу воқеа қувончли ва аҳамиятли. Зеро, ҳудуд тараққиёти, аҳоли фаровонлиги ва халқ манфаатлари йўлидаги ҳар бир эзгу ташаббус, ҳар бир амалий натижа ортида инсон меҳнати ва фидойилиги мужассам.
Юксак давлат мукофоти эса ана шу меҳнатнинг муносиб қадрланиши билан бирга, янги марралар сари интилиш, янада самарали ишлаш ва халқ ишончини оқлашга чорловчи юксак масъулиятдир.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири