Олмалиқда футбол ривожланади
Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан футболни ривожлантиришга эътибор ортгани туфайли "ОКМК" клуби қошидаги футбол мактаби иқтидорли ёшларнинг академиясига айланиб бормоқда.
Сунъий қопламали ва табиий майдончаларнинг ёш футболчилар шуғулланиши учун тантанали равишда топширилиши бунинг яққол далилидир.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда "ОКМК" ПФК президенти Абдулло Хурсанов, мазкур клубнинг бош директори Баҳодир Мирзаев, ўзбек футболи афсонаси ва бош мураббий Миржалол Қосимов ҳамда футбол академиясига Украинадан олиб келинган мутахассис, яъни болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш дастури раҳбари Денис Хомутов, нуронийлар ва футбол фахрийлари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари бу ердаги шароитлар билан танишди, ёшлар ва мураббийлар билан суҳбатлашди.

Ушбу сунъий майдон ўлчамлари 52х32 метрни ташкил этади. Бу кичик аренада 6-10 ёшли болалар машғулотлар олиб боради. "ОКМК" ПФК болалар-ўсмирлар футбол мактабида шу кунгача 500 нафардан зиёд ёш бола шуғулланиб келаётганди. Жорий йилнинг сентябрь ойига келиб бу кўрсатгич минг нафарга етказилиши режалаштирилган. Боиси шу кунларда 105х68 ўлчамли битта сунъий ва яна битта табиий чимли майдон фойдаланишга топширилади. Бу эса қўшимча тарбияланувчилар қабул қилиш имкониятини оширади.

Хусусан, Олмалиқдаги “Баҳор” меҳмонхонаси академия тарбияланувчилари учун ажратилди. Яқин икки ой ичида бу жой қайта реконструкция қилиниб, жиҳозланган ҳолда 120 нафар академия тарбияланувчи учун шароит яратилади.

Мамлакатимизда ҳар йили анъанавий тарзда май ойининг учинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни” сифатида кенг нишонланади. Қувонарлиси, айнан ушбу байрам арафаси олдидан нафақат комбинат меҳнаткашлари, балки бутун Олмалиқ аҳли учун бу болалар майдончалари ажойиб туҳфа бўлди.

Мутахассислар маълумотига кўра, Олмалиқ шаҳрининг қўшни ҳудудларида ҳам футбол академиясининг филиаллари фаолияти йўлга қўйилмоқда. 1 июнь -- Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “ОКМК” профессионал футбол клуби академияси ўзининг биринчи мусобақасини ўтказади.
А. Мусаев, ЎзА мухбири