Олмалиқда 6 мингдан ортиқ хонадон замонавий оқова сув тизими билан таъминланди (+видео)
Қарор ва ижро
Олмалиқ шаҳрида оқова сув инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган йирик лойиҳанинг навбатдаги босқичи муваффақиятли якунланди. Мазкур лойиҳа мамлакатимизда амалга оширилаётган ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли давлат дастури доирасида амалга оширилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 августдаги қарорига мувофиқ, Осиё тараққиёт банки иштирокида Тошкент вилояти шаҳар ва туманларида ичимлик ва оқова сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари изчил олиб борилмоқда. Ушбу дастур 2022–2027 йилларни қамраб олиб, унинг умумий қиймати 185,8 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шундан 161 миллион доллари Осиё тараққиёт банки томонидан молиялаштирилмоқда.

Лойиҳа доирасида Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Оҳангарон, Чирчиқ ва Янгийўл шаҳарлари ҳамда Чиноз туманида муҳандислик инфратузилмаси босқичма-босқич модернизация қилинмоқда.
Олмалиқ шаҳрида амалга оширилган ишлар “TS-CW-05” контракти доирасида олиб борилди. Ушбу контракт шаҳарларда канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилишни назарда тутади.

Қурилиш ишларида “Probuild Generation” компанияси пудратчи сифатида иштирок этди. Компания муҳандислик инфратузилмасини қуриш ва модернизация қилишга ихтисослашган бўлиб, ушбу лойиҳа доирасида катта ҳажмдаги ишларни амалга оширди. Жумладан, Олмалиқ шаҳрида 25 километрдан ортиқ янги оқова сув тармоқлари барпо этилди. Натижада 6 мингдан зиёд хонадон замонавий оқова сув тизимига уланди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда шаҳар ҳокимлиги, соҳавий ташкилотлар вакиллари, қурувчилар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этди.

Тадбир давомида қурилиш ишларида фаол иштирок этган мутахассислар меҳнати эътироф этилиб, уларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди. Қайд этилишича, қурилиш ишлари мураккаб шароитларда амалга оширилди. Ишлар зич қурилиш ҳудудларида, темир йўллар ва автомобиль йўллари яқинида олиб борилди.
Шу билан бирга, мавжуд ер ости коммуникациялари жойлашган ҳудудларда ишлаш мутахассислардан юқори аниқлик ва эҳтиёткорликни талаб қилди. Қурилиш жараёнида геологик шароитлар ҳам муайян қийинчиликларни юзага келтирди. Хусусан, ишлар қум ва шағал аралаш тупроқларда, ер ости сувлари юқори бўлган ҳудудларда олиб борилди.

– Барча ишлар белгиланган муддатларда ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқ якунланди, – деди “Probuild Generation” бош директори Сарвар Муталов. – Замонавий шаҳар инфратузилмаси аҳоли ҳаёт сифатини белгилайдиган муҳим омилдир. Ушбу лойиҳа натижасида шаҳарда оқова сув тизимининг ишончлилиги ошади, санитария ва экологик ҳолат яхшиланади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай лойиҳаларни амалга ошириш шаҳарларнинг барқарор ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.



<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/6v34PZ0P8HA" title="Olmaliqda 6 mingdan ortiq xonadon zamonaviy oqova suv tizimi bilan ta’minlandi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А. Мусаев (сурат, видео), ЎзА.