Олий таълимда халқаро ҳамкорлик ривожланмоқда
Наманган давлат университетида элликдан ортиқ давлатлар билан халқаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Ҳозирда олий таълим даргоҳида учта қўшма таълим дастурининг амалга оширилаётгани ва иккита йирик халқаро лойиҳалар бўйича ишлар олиб борилаётгани бунинг исботидир.
“Илмга асосланган таълим” лойиҳаси доирасида ўтказилган илмий-амалий тренингда тадқиқот ва ўқув жараёнларида хорижий тажрибаларни ўрганиш, татбиқ қилиш, илм-фаннинг сўнгги янгиликларини изланувчилар ва талабаларга етказиш хусусида сўз борди. Талабаларни илмий-тадқиқот фаолиятига йўналтириш борасида университетга келган хорижий мамлакатлар мутахассислари, академиклар, юқори малакали илмий ходимлар иш тажрибалари ўрганилди.


АҚШ, Исроил, Хитой, Россия ва Нигерия давлатларидан ташриф буюрган профессорлар, Ўзбекистон Фанлар академияси академиклари, Ботаника институти Ўзбекистон-Хитой Молекуляр филогения халқаро лабораторияси илмий ходимлари иштирокидаги тренингда “Медиа саводхонлиги ва танқидий фикрлаш қобилияти”, “Йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўсимлик турларини сақлашга интеграл ёндашув”, “Хитой-Ҳимолай флорасида тропик компонентларнинг шаклланиши ва эволюция механизмлари”, “Лойиҳа дизайни: ландшафт геномикаси”, “Тўрли хариталаш: Марказий Осиё ўсимликлар хилма-хилигини ўрганиш ва рақамлаштиришда янги йўналиш” каби мавзуларда машғулотлар бўлиб ўтди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА