Олий таълим ва профессионал таълим битта ҳаракат
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги катта мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов раислигида кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Олий ва ўрта махсус таълим вазири бошчилигидаги вазирлик жамоаси, Давлат тест маркази директори, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбари ҳамда барча олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этди.
Тадбирда профессионал таълим сифатини кейинги босқичга олиб чиқиш кечиктириб бўлмас асосий вазифа эканлиги таъкидланди.
Кун тартибига кўра, Президент маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов Президент қарори билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг профессионал таълимни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган Садоқат Сиддиқовани йиғилганларга таништирди.
Шунингдек, йиғилишда мактабларда Кембриж тизимини жорий этиш орқали таълим сифатига эришиб, олий таълимга қамровни ошириш, талаб ва эҳтиёжга қараб касб классификаторларини қайта кўриб чиқиш ҳамда таълимда соғлом рақобатни таъминлаш лозимлиги таъкидланди.

Шу билан бирга тадбирда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат тест маркази ҳамда олий таълим муассасалари ҳамкорликда бу йилги тест жараёнларини беками-кўст ўтказилишини таъминлаш топширилди.
Йиғилиш якунида А.Тошқулов давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифаларни тўлиқ адо этилишида вазирлик жамоаси якдилликда, бор куч-ғайратини ишга солган ҳолда меҳнат қилишини билдирди.
– Олий таълим билан профессионал таълим битта ҳаракат, – деди олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов. – Чунки бу ерда таълим бор, тарбия бор.
Йиғилиш якунида соҳага оид амалий режалар белгиланди.
Н.Усмонова, ЎзА