Олий таълим тизими: эришилган ютуқлар эртанги кунга пойдевор...
«Қандай зўр замонлар келдия. Бир пайтлар олийгоҳга ўқишга кириш учун биттагина университетга ҳужжат топширилар эди. Ҳозирги абитуриент 5 тагача университет танлаш имкониятига эга. Авваллари, имтиҳонлар деярли кўпи шпаргалка, таниш-билишчилик асосида сараланар эди. Пули борнинг боласи ўқишга кирар эди. Ҳозир билими бор ўқишга киряпти. Президент бу тизимни тартибга солиб, халқнинг дуосини олди...» – онахоннинг бу сўзлари айни даврда ёшларга берилган имкониятларни эътироф этган ҳолда айтилди.
Дарҳақиқат, бугун ёшларимизнинг таълим олишлари учун кенг имконият ва зарур шароитлар яратилмоқда. Сўнгги йилларда олий таълим тизимида эришилган муҳим ижобий ўзгаришларга эътиборингизни қаратсак. Олий таълим вазирлигининг берган маълумотига кўра, тизим муассасаларида 800 мингга яқин талабага 33 мингдан ортиқ профессор-ўқитувчилар таълим бермоқда.
Ўтган 6 йил мобайнида олий ўқув юртлари сони 77 тадан 170тага етди. 31 та хорижий ва 27 та нодавлат олийгоҳлар ташкил этилди. Шунга кўра, ёшларни олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 32 фоизга оширилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ёшларга олий таълим муассасасига кириш учун 20 дан ортиқ имтиёз берилган бўлиб, уларнинг кўпи давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади. Талабаларга ҳам турли имтиёз ва имкониятлар яратилган. Жумладан, олийгоҳда таҳсил оладиган талабалар учун тўлов контракт миқдорини ўқув йили давомида тенг улушларда тўртга бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилди.

Вазирликнинг маълум қилишича, жорий ўқув йилида таҳсил оладиган талабаларнинг 47 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. 2022-2023 йил ўқув йилидан бошлаб, базавий тўлов контракт асосида давлат олий таълим муассасага қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган қизлар, боқувчисини йўқотган ёлғиз аёлларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда давлат олий таълим муассасалари ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилди.
Эътиборга молик яна бир янгилик. Жорий йилнинг 18 июлда Президентимизнинг «Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларининг барча шаклида ўқиётган талабалар қизлар учун 7 йилга мўлжалланган фоизсиз кредитлар ажратилиши йўлга қўйилди. Талаба ўқишни битирганидан сўнг 7 ойдан бошлаб, олган кредитларни қайтаради.
Маълумот сифатида айтадиган бўлсак, магистратура мутахассислигида жорий ўқув йилида талабаларнинг 23 минг нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Эндиликда магистратурада таҳсил олаётган хотин-қизларнинг контракти тўлиқ давлат бюджетидан қоплаб берилиши жамиятимизда хотин-қизларга бўлган эътиборнинг яна бир кўриниши деб биламан.
Алоҳида таъкидлаш жоиз, Янги Ўзбекистон университетининг ташкил этилганлиги эса иқтидорли ёшларимиз учун алоҳида имконият яратди.
Бугун юртимизда хорижий етакчи университетларнинг филиаллари фаолият юритмоқда. Бунда Санкт-Петербург университети, И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети, Қозон федерал университети ҳамда Италиянинг Пиза университетини алоҳида қайд этиш жоиз. Бундай салоҳиятли хорижий олийгоҳларнинг фаолияти маҳаллий олийгоҳларнинг ривожланишига ҳам ўз ижобий таъсирини кўрсатмоқда.
Айни даврда билим даргоҳларининг қиёфаси ўзгариб, моддий-техник базаси яхшиланяпти, илмий ишланмаларни молиялаштириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш кучайтирилмоқда, жумладан, профессор-ўқитувчиларнинг даромадлари ҳам ортяпти.
Муҳим ўзгаришлардан бири ўқишга киришда хотин-қизларга, имконияти чекланган ёшлар учун грантлар ажратилди. Энг муҳими, ўтган йилдан бошлаб давлатимиз халқаро ва нодавлат олий таълим муассасаларига грант берила бошлади. Билими бор, аммо моддий тарафлама қийналган ёшлар учун бу катта имконият.
Олий таълим муассасаларининг фақатгина қамрови оширилгани йўқ. Аксинча талабаларнинг билим савиясини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда юртимиздаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган ёшлар хоҳлаган профессор ўқитувчи дарсларида онлайн равишда иштирок этиш имконияти яратилган.
Тизимда қабул ва таълим жараёни рақамлаштирилган. Бундан 3-4 йил олдин абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш учун ҳар хил ташкилотлардан турли маълумотномалар сўралган. Мазкур жараёнинг барчаси ҳозирда рақамлаштирилди.
Республика олий таълим тизимини ўқув адабиётлари билан таъминлаш таълим сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Сўнги 5 йилда 11 минг 990 номдаги янги авлод ўқув адабиётлари яратилди ва жорий этишга рухсат берилди.
Бу йил 1 минг 527 номдаги адабиётлар чоп этилди. Шу билан бирга, юртимиз олий таълим муассасаларининг хорижий университетлар билан ўз аро ҳамкорлик дастурлари ҳамда «Эл юрт умиди жамғармаси» грантлари доирасида 6 минг 151 нафар профессор-ўқитувчилар хорижий олий таълим ҳамда илмий тадқиқот муассасаларига малака ошириш ва стажировка ўташ учун юборилди.
Тўғри, квоталар оширилганидан кейин талабаларнинг ётоқхонага бўлган эҳтиёжи ошиб бормоқда. Олий таълим вазирлигининг берган маълумотига кўра, 2021 йилда талабалар турар жойларидаги яшаш хоналарини оптималлаштириш натижасида қўшимча қарийб 20 минг ўрин яратилган. Бунга қўшимча равишда яна 11 минг ўринли 28 та ётоқхона ташкил этилиб, фойдаланишга топширилди. Натижада давлат олий таълим муассасаларидаги талабалар турар жойининг сони 256тага етказилиб, 91 минг нафар талабани жойлаштириш имкони яратилди. Ётоқхонага бўлган эҳтиёжнинг 41 фоизи таъминланди.
Шунингдек, 2021 йил 1 майдан бошлаб ётоқхона билан қамраб олинмаган, ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассиси талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланди.
Бир сўз билан айтганда, бугун юртимизда талаба-ёшлар таълим олиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бунга ҳар биримиз гувоҳ бўляпмиз.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА