Олий таълим: истиқболли ислоҳотлар
Таълим соҳасини тубдан такомиллаштириш давр талабига айланган. Ушбу талабдан келиб чиққан ҳолда, олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар, айтиш мумкинки, жаҳон андозаларига мос, жамият тараққиётига ҳисса қўшадиган илмли ёшларнинг имкониятларини рўёбга чиқаришга қаратилган.
Фарзандларимизнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш, уларнинг қобилият ва истеъдоди, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш асосий вазифа сифатида белгиланган.
Президентимиз таъкидлаганидек, “Мамлакатимиз тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга, бу йўлда бор билим ва салоҳиятни сафарбар этишга қодир бўлган, азму шижоатли ёшларни тарбиялаб вояга етказиш – биз учун муҳим масаладир”.
Ёшларимизда ватанга садоқат ва фидойилик туйғуларини камол топтириш борасида олиб борилаётган ишлар самарасини Навоий давлат педагогика институти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Янги Ўзбекистонда таълим тизимини тубдан ўзгартириш, уни халқаро стандартларга интеграциялаш, меҳнат бозори талабига мос малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда Учинчи Ренессанс ғоясини рўёбга чиқарадиган янги авлодни вояга етказиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Замонавий ҳаётни бугун илм-маърифат ва таълим тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди, инсоният фан ўқи атрофида айланаётгандек гўё. Жаҳоннинг етакчи давлатларида таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланиши ҳам бежиз эмас. Негаки, мамлакатнинг келгуси равнақи айнан шу соҳада қўлга киритган ютуқлари билан чамбарчас боғлиқдир.
Кейинги йилларда Навоий давлат педагогика институтида бир қатор ижобий ўзгаришлар, ютуқлар қўлга киритилди. Таълим йўналишлари сони кенгайиб, бакалавр йўналишида 28 тага, магистратура мутахассиликлари 17 тага етди. Ҳозир институтда жами 15 582 нафар ёш таҳсил олмоқда. Жорий ўқув йили учун бакалавриат ва магистратура йўналишлари қабул квоталари иш берувчиларнинг талабларидан келиб чиқиб ўтган йил қабул режасига нисбатан 30 фоизга оширилиб, кундузги таълим шаклига 3589 нафар, сиртқи таълим шаклига 1722 нафар, 8 та таълим йўналишида кечки таълим шакли ташкил этилиб 394 нафар ҳамда магистратурага 201 нафар талаба ўқишга қабул қилиш режалаштирилди.
Маълумки, бугунги глобал миқёсда рўй бераётган инсон саломатлиги масаласи тиббий таълимга ҳам янада эътибор қаратиш заруратини юзага келтирди. Шу боис, институтимизда 2021-ўқув йилидан эътиборан янги тиббиёт факультети (2 та тиббиёт таълим йўналиши “Даволаш иши” ва “Педиатрия”) ҳамда “Ижтимоий иш” сиртқи таълим йўналишлари очилди.
Узлуксиз таълим тизимининг асосий мақсади бу – мактабгача–мактаб ва олий таълим ҳамкорлигидир. Институт жамоаси бу борада ҳам қатор амалий ишларни йўлга қўйган. Умумтаълим мактаблари рейтингида таълим сифатини ошириш мақсадида вилоятдаги қатор мактабларга педагогик ходимлар бириктирилди. Мактабларда ўқувчи-ёшларнинг фанга қизиқишларини ошириш, олий таълимга кириш кўрсаткичларини яхшилашни кўзда тутиб, институтнинг профессор-ўқитувчилари мактабларда кимё, биология, тарих, математика ва бошқа фанлар бўйича ўқувчиларга тўгараклар ташкил этиб, уларни битирувчилари олий таълимга кириш бўйича тавсия ва йўл-йўриқлар ишлаб чиқди.
Институт олимлари томонидан 20 дан ортиқ инновацион ишланмалар яратилиб, 550 миллион сўм ҳажмдаги 5 та илмий-инновацион лойиҳа ҳудудий ишлаб чиқариш муаммолари ечими бўйича молиялаштириш дастурига киритилганининг ўзи таълимнинг амалиёт билан узвийлиги, янгиланаётган замонавий технологияларни ҳаётга тадбиқи билан боғлиқ.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида олий таълим сифатини оширишга йўналтирилган “Ўзгаришлар академияси” номли умумий қиймати 200 минг фунт стерлинг бўлган халқаро грант лойиҳаси бажарилмоқда. Етакчи хорижий олий таълим муассасаларидан 10 дан ортиқ профессор-ўқитувчи институтнинг ўқув жараёнига жалб қилинаётгани институтда ҳамкорлик ишларининг тўғри йўлга қўйилганидан далолат.
Институт республикамизнинг турли вилоятларига етук педагог кадрлар етказиб бериш билан бирга қўшни мамлакатларга ҳам билимли ёшларни замонавий фан ютуқларини эгаллаган ҳолда етказиб беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Жамият ривожини илм-фанда қўлга киритилаётган кашфиётлар, ютуқлар белгилайди. Кейинги йилларда институт профессор-ўқитувчилари ҳам бу борада бир қатор ютуқларни қўлга киритди. Жорий йилнинг ўзида институт профессор-ўқитувчилари томонидан 20 дан ортиқ докторлик ва фалсафа докторлик диссертациялари муваффақиятли ҳимоя қилинди. Институтда илм-фан билан шуғулланадиган ёшларга барча имкониятлар яратилган бўлиб, докторант ва мустақил изланувчилар устоз-шогирд анъанаси асосида тадқиқотлар олиб бормоқда.
Институтда “Таълим, фан ва ишлаб чиқариш инновацион ҳамкорлик” тадқиқот маркази фаолият олиб бормоқда. Ҳозирги кунда Навоий давлат педагогика институтида 24 та кафедра профессор-ўқитувчилари ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ишларни олиб бормоқда. Институт кафедраларини ўз ичига олувчи 18 та инновацион гуруҳи ишлаб турибди. Инновацион гуруҳлар Халқ таълими вазирлигига тегишли ўқув муассасалар билан 36 та, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташкилотлари билан 22 та, вилоят ташкилотлари билан 11 та ўзаро инновацион ҳамкорликни йўлга қўйган.
Президентимиз ташаббуслари билан “Янги Ўзбекистон, янгича дунёқараш” шиори остида вилоятдаги 229 та маҳаллада институтнинг профессор-ўқитувчилари “Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий тамойили” асосида маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ташкил қилинди. Бундан ташқари Навоий шаҳридаги 10 та маҳаллага институт бириктирилган бўлиб, уюшмаган ва банд бўлмаган ёшлар билан самарали ишлар олиб борилмоқда.
Жамият ва инсоният тараққиёти таълим ва фан ривожига бевосита боғлиқ. Шу маънода, бугун Навоий давлат институти мисолида юртимизда таълимга, илм-маърифатга берилаётган эътиборни янада юксалтириш муҳим аҳамият касб этаётгани ва шунга мос кенг кўламли ишлар қилинаётганини таъкидлаш лозим.
Мамлакатимиз азалдан илм-фан ўчоғи бўлган. Хоразмий, Фарғоний, Беруний, ибн Сино, Навоий бутун дунё тан оладиган машҳур даҳолар, буюк алломаларга бешик бўлган. Ҳали бу юрт ёшлари орасидан дунё танийдиган илмли, зиёли ёшлар кўплаб чиқишига умидвормиз.
Баҳодир Собиров,
Навоий давлат педагогика институти ректори.
ЎзА