Олий суд пленуми мажлиси
Олий суд раиси К.Комилов бошқарган мажлисда бир қатор пленум қарорлари лойиҳаси муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг мажлиси бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа режимида ўтказилган мажлисда судьялар, сенатор, депутатлар, олимлар, давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Олий суд раиси К.Комилов бошқарган мажлисда бир қатор пленум қарорлари лойиҳаси муҳокама қилинди.
Жумладан, “Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида”, “Судларда қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш тўғрисида” ва “Апелляция ва кассация инстанцияси судлари томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги пленум қарорлари лойиҳалари нима мақсадда ишлаб чиқилгани хусусида сўз юритилди.
“Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарор лойиҳаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг қабул қилингани муносабати билан ишлаб чиқилган.
Кодекснинг 23-бобида маъмурий органлар томонидан манфаатдор шахсга турли тўсиқлар вужудга келтирилган ҳолатда судга мурожаат қилиш мумкинлиги бўйича меъёрлар акс этган. Ушбу бобда кўрсатилган ҳолатларда судлар ишни кўришда маъмурий органлар ёки мансабдор шахснинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланса, юқори турувчи орган ёки мансабдор шахс фаолиятини амалга ошираётган орган номига хусусий ажрим чиқариш масаласини ҳал қилиши лозим.
“Судларда қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси билан судларга қонуний кучга кирган биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорлари, апелляция ва кассация инстанция судларининг ажримлари, назорат инстанциясининг ажрим ва қарорлари янги очилган ҳолатлар бўйича ушбу суд қарорини қабул қилган суд томонидан қайта кўриш мумкинлиги тушунтирилмоқда.
Пленум мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси амалга киритилганлиги, шунингдек, иқтисодий судлар томонидан ишларни апелляция ва кассация инстанцияси судларида кўришда ушбу кодекс нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Апелляция ва кассация инстанцияси судлари томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Айтиш керакки, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорлари ҳамда ажримларини апелляция ва кассация инстанцияси судларида қайта кўриш ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати бўлиб, биринчи инстанция судининг хатоларини бартараф этишга имкон беради.
Бундан ташқари, мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Йиғилишда таъкидланганидек, муҳокама этилган пленум қарорлари фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни қонуний ҳамда адолатли ҳал этишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга, қонун ҳужжатларининг суд амалиётида аниқ ва бир хилда татбиқ этилишига, ягона суд амалиётини шакллантиришга, шунингдек, янги қабул қилинган қонун ҳужжатларини амалиётда янада самарали қўлланилишига хизмат қилади.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Пленум қарорларининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини аҳолига, тадбиркорларга, давлат органлари ва ташкилотлар ходимларига, судьяларга тушунтириш бўйича вилоятларда ва маҳаллаларда тадбирлар амалга оширилиши лозимлиги қайд этиб ўтилди.
Пленум мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Йўлдошев иштирок этди.