Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳи Боёвутда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳи, туман ва шаҳар сектор раҳбарлари, вилоят фаоллари олиб борилаётган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, аҳоли турмуш даражаси, уларга яратилаётган шарт-шароитлар, камбағалликни қисқартириш, аёллар бандлигини таъминлаш жараёнлари билан яқиндан танишиш мақсадида Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида бўлди.

Меҳмонлар дастлаб туманнинг “Бунёдкор” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Гулистон — Боёвут автомобиль йўли бўйида жойлашган, асосан боёвутлик миришкор деҳқонлар томонидан етиштирилган полиз маҳсулотлари билан савдо қилувчи шохобчада бўлиб, бу ерда йўловчи ва харидорларга яратилган шарт-шароит, кўрсатилаётган хизматлар билан танишди.

Улар туманнинг “Истиқлол” маҳалласида ҳам бўлди. Маҳалла фуқаролар йиғинида кенг қамровли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари амалга оширилди. Бу янгиланишлар эса ҳудуд чиройига янада чирой қўшиб, маҳалла бутунлай ўзгача қиёфа касб этган.
Маҳаллада яшовчи фуқаролар ўзлари яшаб турган кўча ва маҳалла ҳудудини ободонлаштириш, хонадонларда юксак санитария маданиятини қарор топтиришга ҳаракат қилмоқда. Натижада маҳаллада намунавий хонадон ва кўчалар сони ортган. Тадбир қатнашчилари ана шундай хонадонлардан Маллаев ва Холмуродовлар хонадонида бўлиб, уларнинг турмуш тарзи билан яқиндан танишди.
Маллаевлар хонадонидаги 12 сотих томорқада 150 тупдан зиёд мевали дарахт парваришланади. Ундан ташқари хонадон эгалари ўз эҳтиёжлари учун турли сабзавотлар ҳам етиштиради. Биргина томорқанинг ўзидан йил давомида 15 миллион сўмгача даромад олинади.
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Бинобарин, мана шундай эзгу ташаббус ва бунёдкорлик туфайли республикамиз бўйлаб юзлаб турар жойлар қад ростламоқда. Одамларнинг йиллар давомида ушалмаган орзулари рўёбга чиқмоқда.

Шу куни Боёвут туманининг “Учтурғон” МФЙ ҳудудида қурилган 4 та 4 қаватли уйнинг калитлари ўз эгаларига топширилди. Вилоят ҳокими хонадон соҳибларига калитларни топширди.
Боёвут туманида 1960-1970 йилларда қурилган ҳозирги кунда қаровсиз ҳолга келиб қолган 5 та кўп қаватли турар-жой ўрнида "Ижтимоий уй"лар ташкил этиш белгиланган.

2020 йил туманнинг "Соҳил" маҳалласида жойлашган 1-сон касб-ҳунар мактаби балансидаги фойдаланилмаётган бино негизида тегишли вазирлик розилиги билан уй-жойга муҳтож, кам таъминланган оилаларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида мазмунан умумий ётоқхона, лекин кўриниши, шарт-шароитлар замонавий кўп квартирали уйлардан қолишмайдиган "Ижтимоий уй"га айлантириш учун амалий ишлар бошланган эди. Бунинг учун 4,6 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.

Жорий йил 1 март куни Президентимиз раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги мавқейини янада мустаҳкамлаш юзасидан ҳудуд раҳбарларига бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, бугун туманда 27 та 1 хонали, 53 та 2 хонали, жами 80 та квартирага эга "Ижтимоий уй"лар фойдаланишга топширилди. Бугуннинг ўзида 26 та оила ўз хонадонларига кўчиб кирди.

– Ёлғиз ўғлим билан кўп йиллардан буён ижарама-ижара яшаб юрар эдик, – дейди Ф.Мавлонбердиева. – Ҳукуматимиздан миннатдорман. Икки хонали, замонавий уй-рўғор буюмлари билан жиҳозланган квартира калитини бепул тақдим этган кун ҳаётимизда энг унутилмас лаҳзалар бўлиб қолди.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасидаги истиқболли ислоҳотлар, саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси сифатида «Боёвут техно кластер» МЧЖ фаолиятини келтириш мумкин.
Мазкур кластер таъсисчилигида 20,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция киритиш ҳисобига ип-калава ишлаб чиқариш корхонаси бунёд этилган.
Ўз иш фаолиятини бошлаган корхона Туркия ва Германиянинг етакчи корхоналарида ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Бу ерда йилига 7,2 минг тоннадан ортиқ ип-калава ишлаб чиқарилади. Маҳсулотлар асосан экспортга йўналтирилган. Корхона ишга тушиши билан 500 нафар ишсиз фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди.

– Саноат ишлаб чиқариш корхоналари, фабрикалар аҳолини муқим иш жойи билан таъминлаш ва моддий манфаатдорлигини оширишда жуда муҳимдир, – дейди вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев. – Корхонада ишчи ходимларга барча зарурий шарт-шароитлар яратилган.
Ш.Суяров, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА