Олий маълумотли ҳамширалар ва тиббиёт оғаларининг маошига қўшиладиган устамалар эълон қилинди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашуви давом этмоқда.
– Қанча замонавий клиникалар қурмайлик, энг сўнгги ускуналарни олиб бермайлик, малакали ходимларсиз натижа бўлмайди, – деди Президентимиз.
Бугун 11 та давлат олийгоҳида йилига 15 минг шифокор тайёрланмоқда. Бироқ битирувчиларнинг ҳаммаси ҳам ишга кирган биринчи кундан бемор билан ишлашга тайёр эмас.
– Бошқа соҳада ёш ходим хато қилиши мумкин, аммо бўлғуси шифокорнинг бунга ҳаққи йўқ. Чунки тиббиёт ходимининг ҳар бир ҳаракати ортида инсон ҳаёти турибди, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу боис, кадрлар тайёрлаш клиник амалиёт билан боғланади. Келаси йилдан талабалар ҳафтада уч кун бемор билан ишлашни ўрганади, битирувчилар эса охирги ўқув йилида тўлиқ тиббиёт муассасасида амалиёт ўтайди.
Бакалавриатни битирган ҳамшира ва тиббиёт оғасига 1,5 миллион сўм, магистратурани тугатганларга 2,5 миллион сўм қўшимча устама тўланади. Оилавий шифокорлик бўйича тор соҳа мутахассисига устама 5,5 миллион сўм бўлади.
ЎзА