ОЛИС ВА ЧЕККА ҲУДУДЛАРДА БАЙРАМ КАЙФИЯТИ
Айни кунларда мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги олдидан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида тарғибот тадбирлари давом этмоқда. Республика Маънавият ва маърифат маркази Фарғона вилояти бўлими томонидан анклав ҳудуд ҳисобланган Сўх тумани ва Фарғона туманининг Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларида шундай тадбирлар кўтаринки руҳда ўтказилди.

Ёрдон қишлоғидаги 2-мактабда ёшлар билан мулоқот ташкил этилди. Мазкур мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Наргизахон Ортиқованинг тайёрлаган дастури барчага манзур бўлди. Айниқса, ижодкор ўқувчиларнинг она-ватан, тинчлик ҳақидаги шеърлари дилларга шукуҳ улашди.Истеъдодли ўқувчилар, спортчи ёшлар ва уларнинг мураббийларига эсдалик совғалари, китоблар тўпламлари совға қилинди.

Шунингдек, вилоят пульмонология шифохонасида, “Ёрдон” маҳалла фуқаролар йиғинида, Шоҳимардон қишлоғидаги амфитеатрда ташкил этилган учрашувларда истиқлол йилларида юртимизда амалга оширилган ислоҳотлар натижаси, бунёдкорлик ишларининг мақсад-муддаоси айнан инсон қадри учун, халқимиз фаровон ҳаёти учун қаратилгани бир овоздан таъкидланди. Бирдамлик ва бағрикенглик, Ватан ва она юртни мадҳ этувчи шеърлар ғазалларга, куйлар қўшиқларга уланди.

— Шукроналикда ҳикмат кўп, -дейди меҳнат фахрийси Абдураҳмон ота Шокиров.-Бугунги тинч, фаровон кунларнинг қадрлашимиз, юрт ривожи учун барчамиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. Мана бундай учрашувларни халқимиз жуда соғинган экан. Барчамиз ижодкорлар, санъаткорларнинг дастуридан баҳраманд бўлдик.

Мазкур учрашувлар вилоятнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган юртдошларимизда унутилмас таассуротлар қолдирди. Улар қалбида юрт ишига камарбасталик, истиқлолимизни мустаҳкамлаш ва Ватан тараққиётига дахлдорлик туйғуларини юксалтиришга туртки бўлди.
М. Сулаймонов, ЎзА