Олис ҳудудлар ичимлик сув билан таъминланмоқда
Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида аҳолининг турмуш даражасини ошириш мақсадида жамоатчилик талабларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган истиқболли режаларни ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилаётгани мавжуд муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.
Таъкидлаш жоизки, тириклик манбаи ҳисобланган оби ҳаёт неъматининг рўзғоримиздаги нечоғли аҳамиятини эътиборга олган ҳолда тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш борасида Наманган вилоятида сўнгги йилларда амалий ишлар қилинмоқда.
Бинобарин, Президентимизнинг 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, шу жумладан, сув ресурсларини тежаш борасида қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган.

“Наманган сув таъминоти” акциядорлик жамияти жорий йилда барча манбалар ҳисобидан 744,8 километр ичимлик сув тармоғини тортиш ва 17 дона иншоот қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишларига 470 017,8 миллион сўм ажратилиши режалаштирилиб, амалда ҳозирга қадар 487,6 километр тармоқ тортилиб, 11 та қудуқ қазилди ва олтита резервуар қурилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрдаги “2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 43718 миллион сўмга 76,9 километр ичимлик сув тармоғи тортилиб, учта иншоот барпо этилади. Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида 18 маҳаллада 13 801,2 миллион сўм эвазига режадаги 69,1 километр тармоқнинг 66,1 километри тортилди.


Умуман, истиқболли лойиҳалар қаторида, халқаро молия институтлари билан бирга қиймати 184 миллион долларга тенг учта лойиҳа ҳам амалга оширилмоқда. Масалан, “ОPEK” халқаро ташкилоти жамғармаси иштирокидаги “Заркент, Ходикент, Исковот, Булоқбоши, Ёшлик шаҳарчалари ва Наманган шаҳрининг сув таъминотини яхшилаш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича 54 миллион доллар ҳисобига олтита сув тақсимлаш иншооти, умумий қуввати 43 200 м3/сутка бўлган 12 та сув қудуғи ҳамда 507,4 километр тармоқ қурилиб, реконструкция қилинади.
Шунингдек, Европа реконструкция ва таъмирлаш банки томонидан “Наманган вилоятининг сув таъминоти ва канализация тизимини модернизация қилиш” лойиҳасига ажратилган 60 миллион доллар ҳисобига қуввати 100 минг м3/сутка бўлган бир дона сув тақсимлаш ва қуввати 4200 м3/сутка бўлган битта оқова сув тозалаш иншооти ҳамда 41 километр тармоқ реконструкция қилинади.


Бундай амалий лойиҳалар ижроси ўлароқ, жорий йилда Наманган вилоятида ичимлик суви таъминлаш кўрсаткичи 82,7 фоиздан 84,9 фоизга етказилади.
Дарҳақиқат, инсон манфаатлари учун амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаётдаги амалий ифодасини вилоятнинг олис ва чекка ҳудудлардаги қишлоқлар аҳолиси бирдек ҳис қилмоқда.
– Маҳалламизда босқичма-босқичлилик тамойили асосида 2022 йилда дастурга киритилган 2,5 километр масофали ичимлик сув тармоғини янгилаш ишлари бошланди, – дейди Наманган шаҳридаги “Дамбоғ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Акрамжон Ортиқов. – Диаметри 315 миллиметрли ушбу тармоқ маҳалламиздаги 716 хонадонга сув етказиб беради. Эски қувурларни янгисига алмаштиришга эҳтиёж катта эди. Қўшни Тараққиёт маҳалладагиларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, салкам 12 минг аҳолининг сув таъминоти яхшиланади.
Танланган ҳудудлар ва тоифаланган маҳаллалардаги, чекка-чекка қишлоқ, овулларда жадаллик билан давом этаётган инфратузилмавий ўзгаришлар энг аввало, Янги Ўзбекистонда истиқомат қилаётган фуқароларнинг эртага эмас, бугун ҳаётидан рози бўлиб яшаши, сифатли турмуш кечиришини таъминлашга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.