Олис ҳудуд аҳолиси тиббий кўрикдан ўтказилди
Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Чироқчи туман тиббиёт бирлашмаси томонидан туманнинг чекка ҳудуди ҳисобланган Умакай маҳалласида «Обод қишлоқ» Давлат дастури доирасида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.

Айни пайтда маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 7 та қишлоқда 6 минг 348 нафар аҳоли истиқомат қилади. Хонадонлар сони 1 минг 167, оилалар сони 1 минг 289 тани ташкил этади. Тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мобил поликлиникаси (махсус жиҳозланган кўчма автобус) ҳамда мобил офтольмологик клиника имкониятларидан ҳам самарали фойдаланилмоқда. Ҳудуд қишлоқлари тарқоқ жойлашганлиги эътиборга олиниб, уларга қулайлик яратиш мақсадида 3 та мактаб биносидаги тиббиёт хоналарида тиббий кўрик ташкил этилди.

– Вилоят ва туман марказидан келган малакали тор соҳа мутахассислари томонидан айни пайтгача умакайлик жами 4 мингдан ортиқ фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга тегишли тавсиялар, заруратга қараб дори-дармон берилди, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Одилжон Шайманов. – Тезкор даволанишга тиббий кўрсатмаси бўлганларни дарҳол шифохонага ётқизиш чоралари кўрилмоқда. Тегишли имтиёзга эга бўлган беморлар республика, вилоят марказларидаги шифохоналарда имтиёзли даволанишлари учун электрон базага киритилиб, навбатга қўйилмоқда.

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати берган маълумотга кўра, тиббий кўрик доирасида маҳалладаги ногиронлиги бор фуқаролар уйма-уй юриш орқали кўрикдан ўтказилмоқда. Шунингдек, аҳоли ўртасида коронавирусга қарши эмлаш, жисмоний фаоллик, соғлом турмуш тарзи ҳамда санитария-гигиена маданиятига оид таъсирчан тарғибот ишлари ҳам ташкил этилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА.