Олимпия ўйинларига рейтинг очколари тақдим қилинди
Мамлакатимизнинг спорт марказига айланиб бораётган Наманган шаҳри яна бир нуфузли мусобақага мезбонлик қилди.
Янги Наманган туманидаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида Олимпия ўйинлари дастурига киритилган таэквондо “WT” бўйича ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида “Uzbekistan Open” халқаро турнири ўтказилди.


Тўрт кун давом этган нуфузли анъанавий мусобақада юртимизнинг барча ҳудудларидан сараланган спортчилар билан бирга Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия Федерацияси, Эрон Ислом Республикаси, Мўғулистон ва Ҳиндистон давлатларидан келган мингдан ортиқ шарқона яккакураш усталари ғолиблик учун беллашишди.

Шарқона яккакураш, хусусан, таэквондони янада оммалаштириш, ёш иқтидорларни аниқлаш, спортчиларнинг халқаро мусобақаларда тажрибасини ошириш ва хорижий мамлакатлар вакиллари билан ўзаро спорт ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган ушбу турнирни ҳар йили айнан Наманганда ўтказилиши бежиз эмас. Боиси, вилоятда бугунги кунда 3 мингдан ортиқ ёшлар таэквондо билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Улар орасидан иқтидорли спортчилар етишиб, жаҳон ареналарида муваффақиятга эришмоқда.


– Халқаро турнирда иштирокчилар турли ёш ва вазн тоифаларида ўз маҳоратини астойдил кўрсатишга интилди. Боиси, иштирокчилар ғолиблик сурури асносида, 2028 йили АҚШ нинг Лос Анжелес шаҳрида бўладиган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун муҳим рейтинг очколарига ҳам эга бўлишди, – дейди Ўзбекистон таеквондо “WT” ассоциацияси Наманган вилояти бўлими ижрочи директори Холмурод Нозимов. – Бинобарин, шогирдларимиз Олимпия ўйинлари тарихидаги илк нуфузли мусобақа – “Париж-2024” ёзги Олимпия ўйинларининг кўргазмали дастурида қатнашиб, таэквондочиларимиз қандай маҳоратга эга эканлигини кўрсатиб қўйишганди. Эндиликда Олимпия ўйинларининг асосий дастури учун йўлланмаларни қўлга киритиш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан биридир. Намангандаги халқаро турнир айни шу мақсадларимиз ижроси йўлидаги илк дебоча бўлди десак асло муболаға бўлмайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мусобақада ҳар бир йўналиш бўйича жанглар ғоят қизғин кечиб, унда спортчилар юқори техник тайёргарлик, чаққонлик ва матонатини намоён қилди. Беллашувларни юқори малакага эга бўлган халқаро тоифадаги ҳакамлар баҳолаб боришди. Бу ўз навбатида йирик турнирни халқаро қоидалар ва белгиланган талаблар асосида ўтказилиши, натижаларнинг холис баҳоланишини таъминлашда алоҳида ўрин тутди.


Баҳсларнинг якуний натижаларига кўра, эркаклар ўртасида 54 килограмм вазн тоифасида Жавоҳир Пардаев (Ўзбекистон), 58 килограмм вазнда Нурхон Самидинов (Қирғиз Республикаси), 63 килограмм вазнда Асадбек Соаталиев (Ўзбекистон), 68 килограмм вазнда Шамсиддин Қурбонов (Ўзбекистон), 74 килограмм вазнда Радин Зейнали (Эрон Ислом Республикаси), 80 килограмм вазнда Амир Сина Бахтияри (Эрон Ислом Республикаси), 87 килограмм вазнда Шоҳжаҳон Каримбоев (Ўзбекистон), +87 килограмдан ортиқ вазнда Худойназар Шодмонов (Ўзбекистон) каби маҳорат соҳибларига тенг келадиган топилмади.


Аёллар ўртасида 46 килограмм вазнда Валерия Хегай (Ўзбекистон), 49 килограмм вазнда Муштарийбону Баҳодирова (Ўзбекистон), 53 килограмм вазнда Шапарак Нажафи (Эрон Ислом Республикаси), 57 килограмм вазнда Шаббона Абдувалиева (Ўзбекистон), 62 килограмм вазнда Настаран Вализаде (Эрон Ислом Республикаси), 67 килограмм вазнда Севинч Ҳайитова (Ўзбекистон), +73 килограмдан ошиқ вазнда Светлана Саидова (Ўзбекистон) зафар қучиб, “Uzbekistan Open” халқаро турнири ғолиблари сифатида шоҳсупага кўтарилдилар.

Турнирнинг барча ғолиб ва совриндорлари Наманган вилояти ҳокимлиги, Халқаро таэквондо федерацияси, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, республика Спорт вазирлиги томонидан муносиб равишда тақдирланишди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири