Олимпия боксининг кейинги тақдирини ким белгилайди?
Май ойида Туркиянинг Истанбул шаҳри бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатини қабул қилади.
Айнан ушбу мусобақа доирасида Халқаро бокс ассоциацияси (IBA)нинг навбатдан ташқари сайлов конгресси ўтказилиши белгиланган. Халқаро экспертлар фикрича, мазкур анжуман бокснинг олимпия оиласидаги келгуси ўрни, шунингдек IBAнинг Халқаро олимпия қўмитаси томонидан расман тан олиниши масаласига ҳам ойдинлик киритиши билан аҳамиятли.
Хўш, Халқаро бокс ассоциацияси раҳбари Умар Кремлёв навбатдаги сайловда ўрнини сақлаб қола оладими? Истанбул йиғинидаги жараён бокснинг кейинги истиқболига қандай таъсир кўрсатади?
Ҳозир айни мавзу халқаро спорт оламида кенг муҳокама қилинмоқда. Айтиш жоиз, сайловда Умар Кремлёв билан Нидерландия бокс федерацияси раҳбари Борис ван дер Ворст IBA президентлиги учун кураш олиб боради. Шунингдек, конгресс давомида Европа бокс федерацияси раҳбарлиги масаласи ҳам ҳал этилади.
Ўн йил мобайнида Европа боксига етакчилик қилган Франко Фальчинеллининг ваколат муддати 30 апрелда тугайди. Кўҳна қитъа бокс федерацияси биринчи лавозими учун тўрт номзод даъвогар - IBA президентлиги учун Кремлёвнинг рақиби Ван дер Ворст, туркиялик Эйюп Гёзгеч, украиналик Владимир Продивус ва грециялик Иоаннис Филиппатос.
Россия - Украина қарама-қаршилиги, минтақада сиёсий вазият таранглашуви туфайли россиялик бир қатор корчалонлар халқаро спорт ташкилотларидан четлатилган бир пайтда Кремлёв IBA раҳбарлиги учун курашга киришаётгани, спорт оламида ўз ўрнини сақлаб қолишга ҳаракат қилаётгани оқимга қарши сузиш ҳолатини эслатади.
Халқаро олимпия қўмитаси тизимидаги ахборот воситаларида ёзилишича, AIBAни IBAга айлантирган Умар Кремлёв қисқа фурсатда бокснинг олимпия ҳаракатидаги аввалги ўрнини қайта тиклаш, қадимий спорт туридаги шаффофликни таъминлаш борасида сезиларли ислоҳотларни амалга оширгани, қарздорлик муаммосини ҳал этгани эътиборли.
Сайловлар қай тартибда якун топишидан қатъи назар, бокс ўз жозибаси, шиддати билан миллионлаб мухлисларни ром этишда давом этаверади. IBA бошқаруви навбатдаги тўрт йиллик муддатда кимга ўтиши, Кремлёвнинг фаолияти қай тарзда давом этиши эса 13-14 май кунлари Истанбулда ўтадиган навбатдан ташқари сайлов коргрессида ҳал бўлади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА