Олимпиададаги ғалабалар мураббийларнинг савиясига боғлиқ
Тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси бўлган олимпия ўйинларида муносиб иштирок этиш жаҳон мамлакатларида ҳамиша устувор вазифалардан бири сифатида қаралади.
Токио-2020 ўйинлари якунланиб, унинг таҳлиллари олиб борилиши асносида кейинги ўйинларга ҳозирлик дунё спорт ташкилотларида, олимпия қўмиталарида, федерацияларда аллақачон бошланиб кетган. Шу маънода, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасида ҳам бу борада бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Кунчиқар юртда якунланган мусобақаларнинг хулосалари, таҳлиллари ўтказилмоқда.
Маълумки, жорий йилнинг 13 августида давлатимиз раҳбари 32-олимпия ўйинларида иштирок этган спортчилар ва мураббийлар билан ўтказган учрашувда Токио олимпиадасининг руҳий ва жисмоний мураккабликлигига қарамасдан ўз матонатини намойиш қилган олимпиячиларнинг хизматларини эътироф этган ҳолда 2024 йилги Париж олимпиадасига мутлоқо янгича форматда тайёргарлик кўриш, жамовий спорт турларининг иштирокини таъминлаш борасида муҳим жиҳатларни айтиб ўтганди.

Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасида мазкур кўрсатмалар ижросини таъминлаш, ишга янгича ёндошиш, спорт федерациялари ва терма жамоалардаги селекция ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш борасида манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда кунора йиғинлар, семинарлар, мулоқотлар ўтказиб келинмоқда.
Яна уч йилдан сўнг Парижда ўтадиган олимпия ўйинларига бағишланган тадбирлардан бири Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси мутахассислари иштирокида ўтказилди.
Иқтидорли спортчиларни саралаш, спорт турлари бўйича савияли мутахассисларни тайёрлаш, олимпия заҳиралари коллежлари ва спорт академиялари фаолияти, терма жамоаларга салоҳиятли мутахассисларни жалб қилиш каби масалалар муҳокама этилган йиғилишда ўқув-машғулот йиғинларини илғор тажрибалар асосида олиб бориш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Шунингдек, жамоаларнинг машғулотлари фақат кучлилар билан ташкил этилишига мураббийлар алоҳида эътибор қаратиши лозимлигига урғу берилди. Зотан, техник-тактик жиҳатдан профессионаллар билан доимий рақобатлашиш, ҳамкорлик улар билан бўйлашишга, керак бўлганда устунликка эришишга олиб келади.
Бундан ташқари, суҳбат давомида жамоавий спорт турлари бўйича бугунги ҳолат, олимпия йўлланмаси учун имконият даражаси, терма жамоалардаги мураббийлар таркибининг иш услуби ва бошқа қатор масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Т. Рўзиев, ЎзА