Оламшумул ғалабанинг тарихий аҳамияти
Тошкентда дзюдо бўйича давом этаётган 35-жаҳон чемпионатининг бешинчи кунги баҳслари мамлакатимиз спорт ҳаётида, хусусан Ўзбекистон дзюдоси тарихида ёрқин саҳифа очганлиги билан аҳамиятли бўлди.
Кун мобайнида уч нафар ҳамюртимиз медаллар учун кураш олиб борган бўлса, ёш спортчимиз Шаҳноза Назарова учун чемпионат мусобақалари маҳорат майдони, тажрибали спортчимиз Гулноза Матниёзова учун Париж-2024 Олимпиадаси учун муҳим рейтинг очколарни жамғаришида муҳим роль ўйнаган бўлса, Давлат Бобонов учун Ватанни улуғлаш, чемпионликни тантана қилиш баҳслари бўлди.
Эркаклар ўртасида 90 кг вазн тоифасида Токио олимпиадаси совриндори бўлган иқтидорли спортчимиз Давлат Бобоновнинг чиқиши медаллар орзуси билан Тошкент татамисига кўз тиккан минглаб дзюдо ихлосмандларининг ниятларини ушалтирди.
[gallery-9089]
Аввалига у словакиялик, кейин Жанубий кореялик ва болгариялик кучли рақибларини мағлуб этди. Финал остонасида эса азалий рақиби Токио олимпиадаси ғолиби грузиялик Лаша Бекаурини доғда қолдирди ва жаҳон чемпионлиги учун курашиш имконига эга чиқди.
Финал баҳсини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бевосита "Ҳумо Арена"да кузатиб борди.
Истеъдодли спортчимиз ҳаяжонли ва масъулиятли беллашувда ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони италиялик Кристиан Парлатига имкон қолдирмади ҳамда жаҳон чемпионлигини тантана қилди. Давлат Бобонов мазкур чемпионатда тарихий ғалабага эришиши билан яна икки йилдан кейин Парижда ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларининг муҳим рейтинг очкосини ҳам қўлга киритди.
Бундан ташқари, Бобонов мазкур ғалабаси билан 35-жаҳон чемпионатида Ўзбекистоннинг мусобақаларда иштирок этаётган 82 та давлат орасидаги ўрнини олтинчи қаторда мустаҳкамланишини ҳам таъминлади.
Мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларни тақдирлаш маросимида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бевосита иштирок этди.
Чемпионат мусобақалари 13 октябрга қадар давом этади.
Тўлқин РЎЗИЕВ, Алимурод МАМАДАМИНОВ (сурат), ЎзА.