Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!
Наврўз – янги ризқ-рўз, кун ва тун тенглашадиган, шарқона янги йил. Файзли айёмда миллий қадриятларимиз ўзаро меҳр-оқибат ришталари мустаҳкамланади. Она табиат бор гўзаллигини кўз-кўз қилади, янада чирой очади. Наманганнинг шаҳар ва туманларида, қишлоқларида “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” бош ғоясини ўзида мужассам этган умумхалқ сайиллари ўтказилмоқда.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Маданият ва истироҳат боғи ҳамда “Афсоналар водийси” хиёбонида эрта тонгдан Наврўз сайиллари бошланди. Шарқона янги йил бошланишини ўзида ифода этган, минг йилларга бориб тақаладиган, миллий қадриятларимиз тараннуми бўлган Наврўз сайилларида бир-биридан ажойиб кўнгилочар дастурлар одамларга кўтаринки кайфият улашмоқда. Айниқса, болажонларнинг қувончи чексиз. Турли туман замонавий аттракционлар улар хизматида.
Бобур боғига туташ “Тинчлик” стелласи олдида вилоят секторлари раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, вилоят аҳли ва меҳмонлар тўпланди.
Президентимизнинг жорий йил 4 мартдаги “2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бўлиб ўтаётган сайилда Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов йиғилганларни яшариш ва баҳор айёми билан табриклади.
Вилоят мусиқали драма театри жамоаси томонидан Наврўзи оламга бағишланган композиция ва театрлаштирилган чиқишлар ҳавола этилди. Вилоят секторлар раҳбарлари, кайвони нуронийлар кўргазмалар орқали меҳнат ютуқларини намойиш этаётган ташкилотлар, маҳаллалар, тадбиркор ва ҳунармандлар билан дилдан мулоқотда бўлди.
Эътироф этилганидек, Наманган ва наманганликлар Наврўзи оламда ўз олдиларига улкан хайрли мақсад ва режаларни белгилаб, бунинг ижросига киришдилар. Жорий йилда вилоятда 3 миллиард доллар миқдоридаги хорижий инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.
Поп-Наманган катта автомобиль магистрал йўлининг 75 километр масофага эга бўлган қисмида таъмирлаш ишлари бошланди. Шунингдек, Уйчи тумани орқали Учқўрғон ва Норин туманларини марказ билан боғловчи янги йўл қуриш ҳамда Норин дарёси устида янги кўприк қуриш ишларига ҳам старт берилди.
Наманган шаҳрини “миллионлик шаҳар” мақомига айлантириш борасида бунёд этилаётган “Янги Наманган” шаҳарчаси қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Бу муҳташам жойда маърифатпарвар жадидчи аллома Исҳоқхон Тўра Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллар институти биноси фойдаланишга топширилади. Ҳудудларда шаҳар ва туманлар инфратузилмасини ривожалантиришга қаратилган 2,3 триллион сўм миқдоридаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилади.
[gallery-16514]
Шунингдек, Мустақиллик байрами арафасида Ахсикент археологик ёдгорлигида “Шарқ тароналари” халқаро мусиқий фестивалини ўтказиш режалаштирилган.
Байрамона безанган марказий боғ бугун ўзгача файз-тароватга эга. Мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларнинг бадиий жамоалари, фольклор-этнографик ансамбллар, таниқли санъаткорлар, эстрада хонандалари, ёзувчи ва шоирлар, рақс жамоалари ҳамда аския санъати усталарининг чиқишлари кўнгилларга ҳузур бағишламоқда. Сайилларда вилоятдаги Қирғиз, Тожик, Рус ҳамда Корейс миллий маданий марказ фаоллари ҳам ўз одат ва анъаналари акс этган чиқишлари билан иштирок этгани диққатга сазовор.
Қолаверса, ҳунармандчилик асарлари ва китоб расталари, “Баҳор неъматлари” кўргазмалари ва ярмаркалари, “Сумалак” сайиллари, маҳаллалар ёшлари ўртасида миллий спорт ўйинлари мусобақалари, тиббиёт муассасаларининг соғлом турмуш тарзи тарғибот тадбирлари, турли концерт-томоша, маданий кўнгилочар дастурлари ташкил этилмоқда.
Шунингдек, жойларда арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари, кўчма савдо ҳамда тадбиркорлик, ҳунармандчилик маҳсулотлари дўконлари халқимиз дастурхонига турфа хил неъматларни етказиб бермоқда. Бу йилги Наврўз байрамига муборак Рамазон ойининг тўғри келиши унинг шарофатини икки ҳисса оширгани, айни ҳақиқат. Ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларимизни йўқлаш, ногиронлиги бор, ёрдамга муҳтож инсонларни хушнуд этиш, юртимизни янада обод қилиш каби савобли ишлар оғушида Наврўзимиз янада файзга тўлмоқда.
Айниқса, вилоятдаги барча давлат ва жамоат идоралари, дахлдор ташкилотлар, қолаверса, саховатпеша тадбиркорлар ва депутатлар томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, якка ёлғиз фахрийларни эъзозлаш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Меҳр дафтари”га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож кишилар, ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олиш билан боғлиқ савобли ишлар ҳам ўтказилмоқда. Хусусан, Наманган шаҳрида беш нафар ногиронлиги бор ҳамюртимизга ногиронлик аравачаси топширилди. Янги Наманган туманида эса ижтимоий дафтарлар рўйхатига киритилган хонадонларнинг олти нафар фарзандининг хатна тўйлари нишонланиб, уларга қимматбаҳо туҳфалар тақдим қилинди.
Дарҳақиқат, бугун Наманганнинг қай бир гўшасига борманг, Наврўз шукуҳи уфуриб турганини ҳис этасиз. Бир сўз билан айтганда, янгиланиш ва яшариш байрами барча маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида кенг нишонланмоқда.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА мухбирлари