ОКМК хорижнинг етакчи компаниялари билан шартномалар имзолади
Пойтахтимизда ўтказилаётган V Тошкент халқаро инвестиция форумида дунёнинг 99 мамлакатидан 8 мингдан ортиқ иштирокчи, жумладан, йирик инвесторлар, халқаро ташкилотлар ва соҳа экспертлари қатнашмоқда. Форум Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини кенг намойиш этиш, хорижий сармояларни жалб қилиш ва стратегик аҳамиятга эга янги келишувларни имзолаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
Форум дастури ниҳоятда ранг-баранг бўлиб, ундан ялпи мажлис, икки томонлама учрашувлар, тармоқ ва ҳудудлар тақдимотлари, инвестиция келишувларини имзолаш маросимлари ҳамда ишбилармонлар мулоқотлари ўрин олган. Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини акс эттирувчи махсус кўргазма ташкил этилди. Кўргазмада мамлакатимизнинг қуйидаги стратегик соҳалардаги имкониятлари тақдим этилмоқда:
Қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат;
Геология, энергетика ва кимё саноати;
Электротехника ва машинасозлик;
Сунъий интеллект ва ахборот технологиялари
Жорий йилги форум доирасида кимё саноати, геология, металлургия, фармацевтика, рақамли технологиялар, транспорт-логистика, туризм ва таълим каби қатор йўналишларда йирик инвестиция шартномалари имзоланиши кўзда тутилган. Ушбу нуфузли анжуманда мамлакатимиз тоғ-кон саноатининг флагмани ҳисобланган “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ҳам ўз ишлаб чиқариш салоҳияти ва янги инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан фаол иштирок этмоқда.
Форум доирасида “Олмалиқ КМК” АЖ хорижий шериклар билан қатор истиқболли ва юқори технологияли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича муҳим келишувларга эришди.
Польша билан янги қўшма корхона

Форумда эришилган келишувларга мувофиқ, Польшанинг нуфузли “APS Energia” компанияси билан ҳамкорликда “APS Energia-AMMC” қўшма корхонасини ташкил этиш бўйича таъсис ҳужжатлари расман имзоланди. Мазкур лойиҳа ишлаб чиқаришга замонавий ва энергия тежамкор технологияларни жорий этишга хизмат қилади.
Хитой билан тоғ-кон ва металлургия соҳасида ҳамкорлик

Комбинат ҳамда Хитой Халқ Республикасининг “China Nonferrous Metal Industry’s Foreign Engineering and Construction Co., Ltd.” компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Мазкур ҳамкорлик доирасида қуйидаги муҳим йўналишларда қўшма лойиҳалар амалга оширилиши белгиланди:
Маҳаллийлаштириш дастури асосида зарур реагентлар ишлаб чиқаришни биргаликда ташкил этиш;
Иккиламчи ресурсларни қайта ишлаш;
Маъдан таркибидан қимматбаҳо металларни ажратиб олиш технологияларини такомиллаштириш.
Миср билан энергетика ва инфратузилма соҳасида алоқалар

Форумнинг муҳим воқеаларидан яна бири “Олмалиқ КМК” АЖ ҳамда Миср Араб Республикасининг энергетика ва инфратузилма соҳасидаги йирик ва етакчи корхонаси — “Elsewedy Electric” компанияси ўртасида ўзаро англашув меморандумининг имзоланиши бўлди. Бу келишув келгусида икки томонлама технологик алмашинув ва инфратузилмавий лойиҳаларни ривожлантиришга замин яратади.
V Тошкент халқаро инвестиция форуми Ўзбекистоннинг глобал иқтисодий майдондаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим платформа эканлигини яна бир бор исботламоқда. “Олмалиқ КМК” АЖнинг Польша, Хитой ва Миср каби давлатларнинг етакчи компаниялари билан имзолаган битимлари нафақат комбинатнинг ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва юқори технологияларни жалб этиш, балки мамлакатимиз тоғ-кон саноатининг экспорт ва инвестициявий жозибадорлигини янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлади.
ОКМК Ахборот хизмати, ЎзА