ОКМК: оромгоҳлар мавсумга тайёр
Мамлакатимизда ўқув йили якунланиши билан ёзги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ўз фаолиятини бошлайди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати тасарруфидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ҳам бу йилги мавсумга қизғин тайёргарлик кўрилди.




Жумладан, Жиззах вилоятининг Зомин тоғлари бағрида жойлашган “Истиқлол” БСО 10 июнь санасидан бошлаб ўз фаолиятига старт беради. Бу ерда 4 сменада 800 нафар болажонлар дам олиши режалаштирилган. Бўстонлиқ туманида жойлашган “Металлург” БСО бу йилги мавсумни расман 12 июнь санасидан бошлайди. Ушбу оромгоҳ тўрт босқичда жами 800 нафар болажонларни ўз бағрига қабул қилади.




Бўстонлиқ туманидаги яна бир оромгоҳ “Гулзор” эса 14 июнь санасидан бошлаб болажонларни қабул қилади. “Гулзор”да жами бўлиб бу йилги мавсумда 1800 нафар болажон мириқиб дам олиши кўзда тутилган. Қўшни Пискент туманидаги “Тонг” БСОда ҳам мавсумга қизғин тадорик кўрилди. Бу ерда мавсум 17 июндан очилади. Мавсум давомида 600 нафар ўғил-қиз ёзги таътилни мароқли ўтказишади.








Хондиза кон бошқармаси ишчи-ходимларининг фарзандларига хизмат кўрсатувчи “Хондиза - Парвоз” бу йилги мавсумда ўз бағрига 200 нафар болажонни қамраб олган ҳолда мавсумни 1 июль санасидан бошлайди. Бу йилги ёзги таътил даврида комбинат ишчи-ходимларининг 7-14 ёшдаги 4200 нафар фарзандлари болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам олиши режалаштирилган. Ҳар бир оромгоҳда барча зарур шароитлар яратилди.
ОКМК Ахборот хизмати