ОКМК: маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ошади
“Олмалиқ кон металлургия комбинатининг Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан “Бурғилаш тожи, бурғилаш кескичлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш” инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида қурилиш-монтаж ишлари якунланди. 2023 йилда 100 минг доллар миқдорида маблағ ўзлаштирилди. Умумий қиймати 4,7 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида 10 дона технологик асбоб-ускуналар харид қилиниб ишга туширилди. Таъкидлаш лозимки, мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш, комбинат ва ички бозор эҳтиёжларини қоплаш имконини беради.


Маҳсулот ишлаб чиқаришнинг йиллик ўсиши 2,6 миллиард сўмни ташкил этади. Ишлаб чиқариладиган бурғилаш тожи ва бурғилаш кескичлари асосан очиқ ва ёпиқ конларда ишлатилади. Ҳозирги кунда илк маҳсулотлар ишлаб чиқариш бошланди. Шунингдек, диаметри 76мм ва 110мм бўлган бурғилаш тожларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Йилига 2 минг дона маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу маҳсулотларнинг ички бозорда истеъмолчилари асосан “Навоий КМК” АЖ, “Ўзбеккўмир” АЖ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ каби корхоналар саналади. 2024 йилнинг якунига қадар бу лойиҳа тўлиқ қувват билан ишлаши кўзда тутилган.
ОКМК матбуот хизмати