ОКМК: маҳаллийлаштириш дастури амалда
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида маҳаллийлаштириш дастури асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, жорий йилда комбинатда маҳаллийлаштириш дастури бўйича 137 лойиҳа асосида 321,7 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши белгиланган. Ҳисобот даврида маҳаллийлаштириш дастурига қўшимча равишда 10 та 36,1 миллиард сўмлик янги лойиҳалар киритилиб, лойиҳалар сони 147 тани, прогноз кўрсаткичи 357,8 миллиард сўмни ташкил этди.

Дастур доирасида январь-сентябрь ойларида 145 та лойиҳа бўйича амалда 308,2 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, режа (266,5 млрд сўм) 115,6 фоизга бажарилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 138,3 фоиз бўлди. Импорт ўрнини босиш самарадорлиги 26,7 миллион долларга етказилди.

9 ойлик режага киритилган янги лойиҳалар бўйича 72,7 миллиард сўмлик (прогноз 61,8 млрд сўм) маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Жумладан, ҳар хил турдаги насослар учун эҳтиёт қисмлар, мисдан новалар, стропалар, палладий метали, шахта электровозларига эҳтиёт қисмлар, молибден ва вольфрам тузлари, юқори ҳароратга чидамли керамик маҳсулотлар, вольфрам карбиди, шамот ғиштлари, сферали шарли таянчлар, флотамашиналар учун эҳтиёт қисмлар”, ферромолибден, геопанжаралар, полимер маҳсулотларидан футеровкалар каби маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Бундан ташқари, қўшимча равишда ўзлаштирилиши белгиланган янги турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича самарали ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан комбинат томонидан аввал импорт қилинган маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича бир қатор ишлар ташкил этилган. Буларга мисол қилиб “Олмалиқ қуюв механика заводи” МЧЖни келтирсак бўлади. Ушбу корхонада қиймати 25 миллион долларлик лойиҳа бўйича ишлаб чиқариш ҳажми 300 миллиард сўмлик 40 турдан зиёд қўйма маҳсулотларни ўзлаштириш ишлари бошланди. Ҳозирда асбоб-ускуналарни ўрнатиш ишлари якунланмоқда.

Бундан ташқари, Германия билан ташкил этилган “Deutsche innovationen Technologie AGMK” ҚК МЧЖ томонидан турли геокомпозит, полимер ва стеклопластик, труба ва баклар маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шунингдек, Германиянинг “Falk Porsche Technik” GmbH ва “АВМ” компаниялари билан умумий лойиҳа қиймати 22,2 миллион доллар бўлган лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга комбинат томонидан 2024 йилдан бошлаб Германиянинг “Fiberpipe”, “MENZEL” компаниялари билан ҳамда Хитойнинг ) “Huigong Machinery Group” компаиняси билан ҳамкорлик умумий қиймати 50 миллион доллар бўлган бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Маълумот ўрнида: ОКМК маҳаллийлаштириш дастури ижроси асосан Марказий таъмирлаш механика заводи, Рух заводи ҳамда Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бўйича илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси каби таркибий бўлинмаларда амалга оширилади.
ОКМК Ахборот хизмати
ЎзА