ОКМК клуби ишончли ғалабага эришди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 25-туридан ўрин олган “Пахтакор“ – ОКМК жамоалари баҳси 0:2 ҳисобида якунланди.
Пойтахтимиздаги “Жар” стадионида ўтказилган ушбу ўйиндаги голларга Нодирбек Абдураззоқов (31ʼ) ва Арихиро Сентоку (87ʼ) муаллифлик қилди. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, ОКМК жамоаси бу ғалабани 11 йил кутди. Гап шундаки, ОКМК Тошкентда ўтган ўйинларда сўнгги бор, 2013 йилда “Пахтакор“ни мағлуб этган эди.
Бу галги зафардан сўнг Олмалиқ шаҳри жамоаси очколар сонини 44 тага етказиб олди ва жадвалдаги ўрнини янада мустаҳкамлади. “Пахтакор” эса 38 очко билан ҳозирча 5-ўринда қолди.
Бугун, 22 ноябрь куни Суперлиганинг 25-турида “Нефтчи” ўз майдонида “Насаф”ни қабул қилса, “Навбаҳор” сафарда “Қизилқум” билан рақобатлашади.

Ўзбекистон Футбол ҳакамлари маркази “Қизилқум” – “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги учрашувни Тимур Тўхтасинов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариши ҳақида хабар берди. Ушбу учрашув Қаршидаги “Марказий” стадионида соат 18:15 да старт олади.
Шу ўринда бу жамоаларнинг ўзаро ўйинлари ҳақида айрим фактларни эътиборингизга ҳавола қилсак. “Навбаҳор” ва “Қизилқум” жамоалари Суперлига (олий лига)да жами 49 марта ўзаро куч синашган бўлиб, учрашувларнинг 21 тасида “Навбаҳор”, “Қизилқум” эса 14 тасида ғалаба қозонган, яна 14 та учрашув дуранг билан якунланган. Тўплар нисбати бўйича устунлик наманганликлар томонида – 64/48. Бу клубларнинг бу йилги Суперлига баҳсларидаги илк тўқнашувида ҳисоб очилмаган.

“Навбаҳор” сўнгги 5 мавсумдан буён “олтин изловчилар” майдонидан очко билан қайтмоқда. Наманган шаҳри жамоаси ушбу ўйинларда 4 та ғалаба ва 1 та дуранг қайд этган.
Шунингдек, Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионида ўтадиган “Нефтчи” ва “Насаф” клублари ўртасидаги ўйинни Рустам Лутфуллин бошчилигидаги ҳакамлар бошқаради. Ўйин соат 16:00 да бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА