ОКМК: инновацион ғоялар миллиардларни тежайди
Келинг 16 миллиард сўмга нималар қуриш ҳақида ҳисоб-китоб қилиб кўрамиз. 2023 йилда комбинат ҳомийлигида қурилган “Ойдин” бозори ҳудудидаги ер ости йўлагига 3,4 миллиард сўм сарфланган. Демак, 16 миллиард сўмга 4,7 та мана шундай ерости йўлагини қуриш мумкин бўлади. Яъни бир солиштириш, комбинат ҳомийлигида тўлиқ таъмирланган туғуруқ комплексига 13,6 миллиард сўм маблағ сарфланди. 16 миллиард сўмга эса яна битта мана шундай тиббий маскан замонавий қиёфага келтирилар экан. Яна 2023 йилда 7,5 миллиард сўмга комбинат ҳомийлигида шаҳар кўчалари, турар жой ва ижтимоий объектлар атрофларида ободонлаштириш ишлари олиб борилган. 75 минг кв.м шаҳар асосий ва ички йўллари асфальтлаштирилиб, ободонлаштирилган. 16 миллиард сўмга эса 150 минг кв.мдан зиёд йўллар асфальтлаштирилиб, ободонлаштириш мумкин экан. Бежиз 16 миллиард сўмга нималарни қилиш лозимлигини бир қанча мисоллар билан солиштирмадик. Айнан инновацион ғоя туфайли мана шундай катта маблағ иқтисодига эришиш мумкинлигини комбинат мутахассислари исботлаб берди.
ОКМК Саноат темирйўл транспорт бошқармасининг бир гуруҳ мутахассислари томонидан илгари сурилаётган рационализаторлик таклифи, эътибор беринг йилига 16 миллиард сўм маблағни тежаш имконини беради.
Саноат темирйўл транспорти бошқармаси мутахассислари томонидан илгари сурилган “ПЭ2У(М) тортув агрегатининг моторли вагоннинг пастки рамаси” ишлаб чиқариш рационализаторлик таклифи мана шундай юқори самарадорликни таъминлайди. Ушбу таклиф билан қисқача танишадиган бўлсак, темир йўл тортув агрегатининг эҳтиёт қисмлари тез емирилади. Бу эҳтиёт қисмлар шу кунгача хорижий валютада сотиб олинган.

СТТБ мутахассислари томонидан таклиф этилган ушбу эҳтиёт қисм корхона ишлаб чиқариш майдонида пўлат маркаси 09Г2С, узунлиги 14700 мм бўлган иккита яхлит двутавр № 55Б2дан тайёрланади. Шунингдек, сиқилган ҳавони ўтказиб бериш учун пастки раманинг ўрта қисмида конструкцияга ўзгартириш киритилди.
Мазкур таклиф амалиётга татбиқ этилса, валюта ҳисобига импорт қилинувчи эҳтиёт қисмни сотиб олиш зарурати бартараф этилади. Иш пайтида юзага келадиган ёриқлар эҳтимоли камайтирилади. Тортув агрегатларининг пастки рамаларини режадан ташқари ва кўп меҳнат талаб қиладиган таъмирлаш сони камаяди. Тортув агрегатларининг асосий қисмларидан бирининг ишончлилиги таъминланади. Ҳозирги кунда ушбу эҳтиёт қисм 3-темирйўл цехининг тажрибаларни амалга ошириш участкасида ишлаб чиқарилмоқда. Тортув агрегатларини капитал таъмирлаш технологик жараёнига кўра, тортув агрегатининг барча яроқсиз қисмларини алмаштириш талаб этилади. СТТБда пастки рамаларнинг ўртача сарфи йилига 8 донани ташкил этади.
Бугунги кунда ушбу маҳсулотга талаб катта эканлигини ва етишмовчилик кузатилаётганлигини, пастки рама хориждан валютага харид қилинишини ҳисобга олсак, мутахассислар томонидан таклиф этилаётган рационализаторлик таклифи ғоят долзарб саналади.
Ушбу эҳтиёт қисмнинг 1 донаси ўртача 2,5 миллиард сўмни ташкил этади. Ҳозирда СТТБ шароитида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг таннархи деярли 500 миллион сўмни ташкил этмоқда. Пастки рамаларнинг ўртача сарфи йилига 8 доналигини ҳисобга олсак йилига 16 миллиард сўмгача маблағ тежалишига эришилади.
2024 йилнинг февраль ойида синов тариқасида 1дона ушбу эҳтиёт қисм ишлаб чиқарилиб, амалиётга татбиқ этилди. Ҳозирча ушбу маҳсулот ўзининг салбий жиҳатларини намоён этмади. Шунингдек, бугунги кунда ушбу маҳсулотни доимий равишда ишлаб чиқариш жараёни йўлга қўйилмоқда.
Ушбу таклифнинг ишлаб чиқаришга жорий этилиши юқорида таъкидлаганимиздек, йилига 16 миллиард сўм маблағни тежаш имконини беради.
ОКМК Ахборот хизмати