Ҳоким тадбиркорлар билан учрашди
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этган мулоқотда Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ва солиқ сиёсати концепциясини амалиётга татбиқ қилиш борасидаги муҳим вазифалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этган мулоқотда Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ва солиқ сиёсати концепциясини амалиётга татбиқ қилиш борасидаги муҳим вазифалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
– Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясида солиққа тортиш тизимини тубдан ислоҳ этиш, шу жумладан, солиқлар ва мажбурий тўловларни қисқартириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш кўзда тутилган, – деди Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров. – Қулай рақобат муҳитини яратиш, солиқ қонунчилиги барқарорлиги ва соддалаштирилишини таъминлаш, солиқ юкламасини камайтириш, республикамизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш концепциянинг асосий мақсади ҳисобланади.
Мулоқотда таъкидландики, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва бошқа ташкилотлар экспертларини жалб қилган ҳолда ривожланган давлатлар тажрибаси асосида қабул қилинган янги солиқ концепциясида бизнес учун жуда катта имкониятлар, халқаро даражадаги қулай шароитлар назарда тутилган. Хусусан, солиқ турлари 2019 йилдан 19 тадан 15 тагача қисқармоқда. Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизгача, дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича фойда солиғи ставкаси 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтирилди.
– Эътиборлиси, солиқ юкининг камайиши, солиқ соҳасидаги ислоҳотлар самараси ўлароқ, биргина Наманган вилоятида солиқ тўловчилар ихтиёрида 458 миллиард сўм маблағ қолиши кутилмоқда, –дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Маҳмудов. – Бу маблағ вилоят иқтисодиётининг ўсиши, ўз навбатида ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Қайд этилганидек, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, товар айланмаси 1 миллиард сўмдан 3 миллиард сўмгача бўлган корхоналар қўшимча қиймат солиғини ихтиёрий равишда соддалаштирилган тартибда, яъни корхоналар сотиб олинган товарлар бўйича алоҳида ҳисоб-фактура юритмайди ва солиқни товар айланмасидан келиб чиқиб, соҳалар кесимида табақалашган ҳолда тўлайди. Бунда солиқ органлари томонидан умумбелгиланган солиқ тўловига ўтаётган корхоналарда тушунтириш олиб бориш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш зарур.
Шунингдек, тадбиркорларга қўшимча қиймат солиғи кичик бизнесга ҳам жорий этилиши натижасида нарх-наво ошиб кетишининг олди олиниши, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган ҳар бир жараёнда яратилаётган қўшимча қийматга солиқларни жорий этиш орқали нархни тўғри шакллантириш, унинг асоссиз равишда ошиб кетмаслигини таъминлаш зарурлиги тушунтирилди.
– Бугунги тадбирда тадбиркорлар учун янада кенг имкониятлар очаётган солиқ сиёсати концепциясининг мазмун-моҳиятидан, аҳамиятидан батафсил хабардор бўлдик, – дейди Наманган шаҳридаги “Жаҳон Жавоҳири инвест” МЧЖ бош ҳисобчиси Ф.Муқимова. – Ишчи-хизматчиларнинг даромад солиғидаги ставканинг яхлит 12 фоизга туширилиши, шунингдек, суғурта бадалларининг бекор қилиниши туфайли ходимларнинг даромади ортади, бу эса фаолиятимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Мулоқотда тадбиркорларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди, зарур ҳуқуқий маслаҳат берилди.