Океандан йироқ мамлакатлар учун цунами хавфидан огоҳлик нега муҳим?
5 ноябрь — Бутунжаҳон цунами хавфи ҳақида хабардорлик куни
Ўзбекистон океанлардан минглаб чақирим узоқликда жойлашган, икки карра қуруқлик билан ўралган давлат. Бугунги глобаллашув даврида юртдошларимиз дунёнинг турли нуқталарида, хусусан, океан ва денгиз бўйларидаги минтақаларда саёҳатда, ўқишда ёки меҳнат фаолияти билан банд. Шу жиҳатдан ҳам бугунги мавзумиз бир маълумот сифатида кўпчиликни қизиқтириши мумкин.
Қолаверса, ҳар қандай табиий офат, жумладан, цунами ҳақидаги билим ва хабардорлик умуминсоний бирдамлик ҳамда фавқулодда вазиятларга умумий тайёргарлик маданиятини шакллантириш аҳамиятга эга.
Цунами океан ва денгиз тубидаги кучли зилзилалар, вулқон отилиши ёки сув остидаги кўчкилар оқибатида юзага келадиган улкан тўлқинлардир. У қисқа вақт ичида қирғоқбўйи ҳудудларини сув остида қолдириши, аҳоли пунктлари, инфратузилма ва иқтисодий объектларга катта зарар етказиши мумкин.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йил декабрида қабул қилинган резолюциясига мувофиқ, ҳар йили 5 ноябрь куни Бутунжаҳон цунами хавфи ҳақида хабардорлик куни сифатида нишонланади.
Ушбу сана 13 октябрда ўтказиладиган Халқаро офатлар хавфини камайтириш куни ҳамда 2015–2030 йилларга мўлжалланган табиий офатларнинг олдини олиш, улар оқибатидаги йўқотишларни камайтириш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган “Сендай” дастури доирасидаги халқаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бутунжаҳон цунами хавфи ҳақида хабардорлик кунининг асосий мақсади аҳоли ўртасида табиий офатлар хавфи ҳақида билим ва тушунчаларни кенгайтириш, эрта огоҳлантириш тизимларини ривожлантириш ҳамда маҳаллий жамоаларнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлигини оширишдан иборатдир.
Сўнгги бир аср давомида сайёрамизда 58 та цунами содир бўлган. Ушбу табиий офатлар оқибатида 260 мингдан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмган. Маълумотларга кўра, ҳар бир цунами ўртача 4 600 нафар кишининг умрига зомин бўлган. Бу кўрсаткич цунамиларни инсон ҳаёти учун энг катта хавф туғдирувчи табиий офатлардан бирига айлантиради.
227 минг инсон ҳаётига зомин бўлган цунами
Сўнгги 100 йилликдаги энг даҳшатли табиий офат 2004 йил декабрь ойида Ҳинд океанида юз берган. Мазкур цунами оқибатида 14 та мамлакатда 227 минг нафарга яқин инсон ҳалок бўлган. Табиий офатдан энг кўп Индонезия, Шри-Ланка, Ҳиндистон ва Таиланд аҳолиси жабр кўрган. Ушбу фожиа инсоният тарихидаги энг вайронкор ва оғир оқибатларга олиб келган табиий офатлардан бири сифатида хотираларда қолган.

Асримиздаги энг сўнгги вайронкор цунами
Асримиздаги энг вайронкор офатлардан бири 2026 йил 15 август куни Индонезияга қарашли Флорес ороли яқинида магнитудаси 7,7 баллга тенг кучли зилзила содир бўлди. Зилзила ортидан юзага келган цунами тўлқинларининг баландлиги 1,6 метрдан 2,6 метргача етди. Кучли тўлқинлар оролнинг соҳилбўйи ҳудудларига ёпирилиб, бир қатор жойларни сув босишига сабаб бўлди. Денгиздаги бу табиий ҳодиса яна бир бор цунамиларнинг нақадар катта вайронкор кучга эга эканини намоён этди.

Цунами тўлқинларининг баландлиги 40 метрдан ошган
2011 йил 11 март куни Япониянинг шимоли-шарқий соҳилларида магнитудаси 9 баллга тенг кучли зилзила содир бўлди. Зилзила оқибатида юзага келган цунами тўлқинларининг баландлиги айрим ҳудудларда 40 метрдан ошган. Табиий офат оқибатида 19 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди, қарийб 2,5 минг киши бедарак йўқолган. Шунингдек, цунами «Фукусима-1» атом электр станциясида йирик аварияга сабаб бўлган.

Бу каби халқаро саналар инсонларни ҳамиша сергак бўлишга, энг асосийси, ҳар қандай табиий инжиқликларга тайёргарлик кўриш муҳимлигини унутмасликка чақирувчи ўзига хос бонгдир.
Зуҳра МИРЗАБОЕВА, ЎзА