ОИВ ва силга қарши курашиш бўйича Ташкилотлараро экспертлар кенгаши йиғилиш ўтказди
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасида ОИВ ва силга қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар, халқаро ҳамкорлик ҳамда келгусидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган Ташкилотлараро экспертлар кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда давлат, нодавлат ва хорижий ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Глобал фонд Ўзбекистонда ОИВ ва силга қарши курашиш тадбирларини давом эттириш учун 2028-2030 йилларга жами 32,5 миллион АҚШ доллари миқдорида грант маблағларини ажратди. Шундан 15,6 миллион доллари ОИВ, 16,9 миллион доллари эса сил йўналишига мўлжалланган.
ОИВ йўналишида «95–95–95» мақсадларига эришиш устувор вазифа сифатида белгиланган бўлиб, тест қамровини ошириш, антиретровирус терапияни эрта бошлаш ва даволаш қамровини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, ҳамжамият даражасида тест ўтказиш, ўзини ўзи тест қилиш ва ҳамкорларни тестдан ўтказиш усулларини ривожлантириш, профилактика хизматларини такомиллаштириш ҳамда стигма ва дискриминацияни камайтириш масалалари муҳокама қилинди. ОИВ юқишининг олдини олиш мақсадида контактдан олдинги профилактика – PrEP дастурини кенгайтириш имконияти ҳам кўриб чиқилди.
Сил йўналишида эса тезкор молекуляр диагностика имкониятларини кенгайтириш, балғам намуналарини ташиш тизимини такомиллаштириш ва дори воситаларига чидамли силни даволашда қисқароқ, тўлиқ оғиз орқали қабул қилинадиган даволаш схемаларига, жумладан BPaL(M) режимига ўтишни жадаллаштириш белгиланди.
Йиғилишда ОИВ ва сил бўйича маълумотлар сифатини ошириш, шунингдек, Глобал фонд маблағларидан ички молиялаштиришга босқичма-босқич ўтиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Бундан кўзланган асосий мақсад ОИВ ва силни даволаш учун сифати кафолатланган дори воситалари ҳамда лаборатория сарф материаллари харидининг камида 85 фоизини 2030 йил охиригача, 100 фоизини эса 2033 йил охиригача ички маблағлар ҳисобидан таъминлашдир.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА