Оилавий тадбиркорлик ривожланмоқда
Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил иқтисодий ислоҳотлар жараёнида тадбиркорлик, айниқса, оилавий бизнесни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил иқтисодий ислоҳотлар жараёнида тадбиркорлик, айниқса, оилавий бизнесни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу тармоқлар янги иш ўринлари яратиш, оилаларнинг барқарор даромад манбаини шакллантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлаётир.Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуни бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида шу йилнинг ўтган даврида Хоразм вилоятида уч юздан зиёд оилавий корхона ташкил этилди.
Хонқа туманида юздан ортиқ оила ўз оилавий бизнесини йўлга қўйган. Новвойлик, сартарошлик, дурадгорлик, кулолчилик, косиблик, ёғоч ўймакорлиги, тикувчилик, зардўзлик каби йўналишларда фаолият юритаётган оилавий тадбиркорлик субъектларининг сафи йилдан-йилга кенгаймоқда. Фуқаролар йиғинлари қошида ташкил этилган тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашувчи маслаҳат марказлари бу соҳада шуғулланиш истагини билдирганларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатаётир.
Тадбиркор Муҳаббат Сафоева 2012 йилда тижорат банкининг 10 миллион сўмлик имтиёзли кредити эвазига 4 қорамол ва бир қути асалари боқишни йўлга қўйган эди. Бугунги кунда қорамоллар сони ўнтага, асаларилар тўрт қутига кўпайди. Томорқада етиштирилаётган турли мева-сабзавот маҳсулотлари бозорда сотилмоқда.
Манзура Полвонова раҳбарлик қилаётган яна бир оилавий корхона кийим-кечаклари замонавийлиги ва юқори сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда.
– Маҳсулотларимиз сифати хорижникидан асло қолишмайди, – дейди М.Полвонова. – Асосий буюртмачиларимиз савдо марказлари ва дўконлардир. Келгусида корхона фаолиятини янада кенгайтириш эвазига янги иш ўринлари яратиш ва маҳсулотни хорижга экспорт қилишни режалаштирганмиз.
Мамлакатимизда яратилаётган кенг шароит ва имкониятлардан самарали фойдаланаётган Асрор Жабборов алюмин профилларидан замонавий эшик ва ромлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Ўтган йили “Қишлоқ қурилиш банк”дан олинган 25 миллион сўм кредит маблағи эвазига озиқ-овқат дўконини ҳам очди.
Мухтасар айтганда, бу каби оилавий корхоналар сонининг кўпайиб бориши аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилалар фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.