Оилага янги хонадон топширилди
Бугунги кунда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.
Айниқса, жойларда амалга оширилаётган манзилли ёрдамлар, хайрли ташаббус ва саховатли ишлар халқ манфаатларини таъминлаш йўлидаги амалий қадам сифатида аҳамият касб этмоқда. Ушбу хайрли ташаббус ўрганишлар давомида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан Қурбонгул опа Турениязова оиласи истиқомат қилиб келаётган уй ёмғирли ва совуқ кунларда яшаш шароити оғирлашиб, фарзандлар хавфли муҳитда ҳаёт кечираётгани бефарқ қолдирилмади.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги ташаббуси билан Нукус шаҳридаги “Ишбилармонлар ҳудуди” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Қурбонгул опа оиласига амалий ёрдам кўрсатилди. Эзгу ташаббус асосида эски ва носоз уй ўрнига замонавий, шинам ва кенг тўрт хонали янги хонадон қуриш ишлари амалга оширилди.
Бугунги кунда қурилиш жараёни якунланиб, янги хонадон уй эгасига топширилди. Албатта, бундай эзгу амаллар жамиятда меҳр-оқибат, бирдамлик ва инсонпарварлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Энг муҳими, бу каби хайрли ишлар орқали инсон қадри улуғланиб, халқ манфаатлари йўлида амалий ишлар давом этаётгани яна бир бор ўз тасдиғини топмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.