Оила – жамият ва давлат муҳофазасида
Учтепа тумани ҳокимлиги, Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ҳамда Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамкорлигида «Оила – жамият ва давлат муҳофазасида» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Н.Умарова, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиғи Н.Мухаммадиев, Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Исламов, судьялар, туманлараро суд раислари, туман ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари, адлия, ФҲДЁ, прокуратура, ички ишлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз томонидан оила ва хотин-қизлар масалаларига алоҳида аҳамият қаратилаётгани, бу борадаги муаммоларни ечиш учун кўплаб чора-тадбирлар кўрилаётгани таъкидланиб, бугунги кунда ҳал этилиши лозим бўлган вазифаларга эътибор қаратилди.
Қайд этилишича, судларда оилавий низолар кўпаяётгани, никоҳдан ажралишлар сони, бола таъминоти ва тарбиясига оид низолар сонининг ўсиб бориши, ота-оналик ҳуқуқига оид низоларнинг ортиши бунинг олдини олишга қаратилган чоралар қамровини тубдан ўзгартириш ва кенгайтириш лозимлигини кўрсатади.

Таҳлилларга кўра, 2023 йилда судлар томонидан кўрилган жами 55 минг 381 та ишнинг 13 минг 33 таси ёки 23,5 фоизи оила муносабатлари билан боғлиқ. Никоҳдан ажратиш ҳақида жами 8 минг 254 та иш кўрилган.
Тадбирда муаммоларнинг ечими сифатида оилавий судларнинг ташкил этилаётгани, медиация маркази иш олиб бораётгани айтилди.
Жалолиддин Аббосов,
Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси.