Оила — жамият таянчи
Шофиркон туманида “Оила – жамият таянчи” мавзусида маънавий-маърифий тарғибот тадбири ўтказилди.
Унда туман ҳокимлиги, Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, маҳаллалардаги отинойилар, “Оқила аёллар ҳаракати” аъзолари ҳамда “Бувижонлар мактаби”нинг вакиллари қатнашди.
Тадбирда жамиятда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларнинг ташвиш-муаммоларини жойида ўрганиб, ҳал қилиш, аввало, маҳалла ва қишлоқларда оилавий муҳитни яхшилаш, қолаверса, ҳар бир оила ва маҳаллани аёллар жиноятчилигидан холи ҳудудга айлантириш, хотин-қизлар ижтимоий муҳофазасига доир туманда олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Феруза Ибрагимова бошчилигидаги фаол аёллар маҳаллалардаги томорқа маданияти, аёллар фаолияти билан яқиндан танишди.
Ҳовли-жойидаги томорқа ерини қаровсиз ташлаб қўймасдан, аксинча, ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, уни даромад манбаига айлантираётган оилалар “Хўжа Ориф” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам кўп.
Ҳудудда айни кунда 757 та хонадон ва жами 4 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, мавжуд 8 та кўчадаги ҳар бир хонадон, ҳовли-жойда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, мавжуд экин ерларини тайёрлаб, сабзавот маҳсулотларини экиш ишлари бораётир.

Намунали томорқачилар қаторида Хўжа Ориф маҳалласида истиқомат қилаётган Маҳбуба Саломова хонадонини ҳам эътироф этиш мумкин. У турмуш ўртоғи Музроб Саломов ва икки фарзанди билан биргаликда мавжуд 6 сотих ердан йилига 3-4 маротаба ҳосил олиб, рўзғор эҳтиёжини қоплаб, шунга яраша даромад топмоқда. Атиги бир сотихдан иборат иссиқхонада эса ҳозир картошка етиштирилмоқда.
–Асли касбим ўқитувчи, пенсияга чиқиб, хўжайинимга томорқа ишларида қарашяпман, –дейди хонадон соҳибаси Маҳбуба Саломова. –Ҳар йили эрта баҳордан томорқамизда картошка, помидор, сабзи, пиёз, булғор қалампири, бақлажон каби маҳсулотларни етиштириб, бемалол рўзғоримизни бут қилаяпмиз. Еримизнинг бир четида қулупнай ҳам етиштирамиз. Бу маҳсулотларни деярли бозордан сотиб олмаймиз, аксинча, ўзимиздан ортганини маҳалладошлар дастурхонига етказамиз. Қолаверса, хонадонимизда йигирма тупга яқин ток, бир томонида ўрик, олма, шафтоли, гилос каби яна шунча мевали дарахтларни парваришлаб, ҳосилидан баҳраманд бўлмоқдамиз.

Ибратли оила бекаси Маҳбуба Саломова ташаккурнома ва эсдалик совғаси билан тақдирланди.
Икки йил бурун Умринисо Исмоилова оиласида тақдирнинг синовли кунлари бошланган, ишлаб пул топиш мақсадида Россияга кетган ўғли бахтсиз ҳодиса сабаб ногирон бўлиб қайтганди. Тўшакка михланиб қолган ўғилни оила амаллаб оёққа турғазмоқда. Бунда жамоатчилик, маҳалла ва туман ҳокимлиги баҳоли қудрат кўмаклашмоқда. Шунга қарамасдан, йигитнинг ҳали ўзини эплаб кетиши бироз мушкул. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Фируза Ибрагимова Умринисо Исмоилова хонадонида бўлиб, оила ҳолидан хабар олди.
Шунингдек, Қалмақон маҳалласида фаол аёллар, кўчабоши кайвонилар, меҳнат фахрийлари, нуроний онахонлар, отинойилар билан оилавий қадриятлар, ажримларга барҳам бериш, қариндошлар ўртасидаги ҳамда эрта никоҳларнинг олдини олиш борасида суҳбатлашилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари