Оила тадбиркор томонидан ҳомийликка олинди
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида амалга оширилаётган “Юракка йўл” акцияси жойларда аҳоли муаммоларини ўрганиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларга амалий ёрдам кўрсатишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур акция доирасида ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши “Ёшлар қаноти”, партиянинг Элликқалъа туман Кенгаши масъуллари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда тегишли туман ташкилоти вакиллари иштирокида кенг қамровли ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ташрифлар давомида Амиробод, Тозабоғ, Тўртдевор, Навбаҳор ва Жасорат маҳаллаларидаги 50 дан зиёд хонадон ҳолидан хабар олиниб, фуқароларнинг мурожаати тингланди. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакиллари, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва оғир турмуш шароитида яшаб келаётган оилаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ташрифлар давомида ёлғиз кексаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш, дори-дармонлар билан таъминлаш, шунингдек, уй-рўзғор ишларида амалий ёрдам кўрсатилди. Ногиронлиги бўлган фуқароларнинг тиббий кўрикдан ўтиши, зарур жарроҳлик амалиёти ва даволанишлар учун ордер олиш масалалари назоратга олинди. Шунингдек, фарзандларини ёлғиз тарбиялаётган аёлларга моддий ва молиявий кўмак бериш, уларни иш билан таъминлаш масалалари ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Партиянинг “Бир оила – бир ҳомий” акцияси доирасида ҳам амалий ишлар давом этмоқда. Хусусан, тадбиркор ва депутат Зуҳриддин Маткаримов томонидан Тўртдевор маҳалласида истиқомат Саъдуллаевлар оиласи бир йил муддатга ҳомийликка олинди.
Мазкур хонадон эгаси Жуманазар ота Саъдуллаев икки кўзи ожизлиги ва жарроҳлик амалиёти орқали кўриш имконияти мавжудлиги ҳақида мурожаат қилди. Бироқ жарроҳлик амалиёти учун 8 миллион сўм маблағ зарур эканлиги, бунга оиланинг молиявий имконияти йўқлиги маълум бўлди. Шу билан бирга, унинг ўғли юрак хасталиги билан боғлиқ жарроҳлик амалиётини яқинда бошдан кечирган, невараси эса кўз нуқсони билан туғилган бўлиб, уни даволаш учун ҳам ёрдам сўралди.

Ушбу ҳолат юзасидан мутасаддилар томонидан амалий чора-тадбирлар белгиланиб, оилага озиқ-овқат, дори-дармон, болаларнинг таълими учун зарур жиҳозлар етказиб бериш, шунингдек, оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини иш билан таъминлашга кўмаклашиш вазифалари белгиланди.
Ташрифлар давомида маҳаллалардаги тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан ҳам танишилиб, уларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
“Юракка йўл” акцияси доирасида амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар инсон қадрини улуғлаш, аҳоли дардини тинглаш ва уларга амалий ечимлар топиш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.