Оила кодекси бугунги кун талабига жавоб бермаяпти
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида бўлиб ўтган “Оила қонунчилигини такомиллаштириш муаммолари: назария ва амалиёт” мавзусидаги илмий-назарий конференцияда ана шундай фикр билдирилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган конференцияда таниқли ҳуқуқшунос олимлар, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил, “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти ходимлари, судьялар, профессор-ўқитувчилар, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ҳамда докторант тадқиқотчилар иштирок этди.
Унда мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш ва унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, оила қонунчилигида келиб чиқаётган муаммоларни амалиётда бирхиллаштириш, Оила ва Фуқаролик кодексларидаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Таъкидланганидек, Оила кодекси қабул қилинганига 20 йилдан кўп вақт ўтди. Бу давр мобайнида бир неча бор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлса-да, лекин бугунги кун талабига тўлиқ жавоб бермай қолганлиги муҳокама марказида бўлди.

Ўзбекистонда оилани ривожлантириш билан боғлиқ масалалар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор тараққиёт мақсадлари ҳамда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да белгилаб берилган вазифалар доирасида амалга оширилмоқда.
Конференцияда оила қонунчилиги, хусусан, Оила кодексини такомиллаштириш, оила институти ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш, оиланинг маънавий-ахлоқий муҳитини янада яхшилаш, жамиятда оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантириш, оила институтини янада мустаҳкамлаш бўйича давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий шериклигини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
“Оилани қўллаб-қувватлаш тўғрисида” қонун қабул қилиш зарурати пайдо бўлганлиги, бу қонун оила қонунчилигига оид ягона ҳуқуқий ҳужжат бўлиши, оилага оид ишларни кўришда амалиётни бирхиллаштириш кераклиги айтиб ўтилди.
Оила институтини такомиллаштириш, ўз навбатида, мамлакатимизда оилалар барқарорлигини таъминлаш, ажралишлар сонини камайтириш ҳамда оилаларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий мақомини аниқлаштириш каби ижтимоий, ташкилий ва ҳуқуқий вазифаларни белгилашга ёрдам беради.

– Мамлакатимизда оила ва оилавий муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг деярли барчаси қабул қилинган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби мустақил тадқиқотчиси Ҳуршида Қурбонова. – Аммо ҳозирги кунда баъзи бир оилавий низолар, уй-жой масаласида келиб чиқадиган муаммолар амалдаги қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақозо қилмоқда. Бугунги конференция ана шундай муаммоларни очиб бериш ва уларга ечим топишга қаратилган.
Бундан кўзланган асосий мақсад — қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда қонунларга ўзгартириш киритиб, фуқаролар манфаатини ҳимоя қилишдан иборат. Тошкент шаҳри мамлакатимиз бўйича оилавий ажримлар бўйича энг юқори кўрсаткични ташкил этмоқда. Энг ачинарлиси, судга никоҳдан ажратиш бўйича даъво ариза билан эркакларга нисбатан кўпроқ хотинлар мурожаат қилмоқда. Шу боис оила, эр-хотин муносабатлари, улар ўртасида юзага келаётган муаммоларни чуқур ўрганиш зарур.
Баҳс-мунозараларга бой бўлган конференцияда янги таҳрирдаги Оила кодексини ишлаб чиқилиши лозимлиги ва у жамиятнинг тезкор ривожланувчи эҳтиёж ҳамда талабларига жавоб бера оладиган, аёлларнинг мулкий ҳуқуқлари бузилиши ва оилавий зўравонликка барҳам беришга қаратилмоғи шартлиги таъкидланди.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА