Оҳангаронда янги уйлар эгаларига топширилди
Туман марказининг Нуробод қўрғонида 80 хонадондан иборат 4 ва 5 қаватли арзон тураржой бинолари ўз эгаларига топширилди.
Ушбу тадбирда туман ҳокими Абдурасул Абдуллаев уй эгаларига калитларни топшириб уларни табриклади. Сўзга чиққан нуронийлар юртимизда, хусусан, туманда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ҳақида тўхталди. Тадбир муносабати билан элга дастурхон ёзилиб, ош тортилди. Туман Маданият бўлими томонидан тайёрланган концерт дастури иштирокчиларга кўтаринки кайфият бахш этди.


Маълумки, Президентимизнинг 2020 йил 7 декабрдаги “2021-2022 йилларда Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан, Ангрен шаҳри Нуробод қўрғони Оҳангарон туманининг маъмурий маркази этиб белгиланган эди. Шунга асосан, Нуробод қўрғонининг туман маркази сифатида бош режаси ишлаб чиқилди ва давлат ташкилотлари, банк, кўп қаватли уй-жойлар ва бошқа объектларнинг қурилиши белгиланди. Ушбу ҳудудда Халқ банки, Агробанк, Ипотека ва Микрокредит банки томонидан кўп қаватли бинолар қурилди. Мазкур биноларнинг 1 ва 2-қаватлари банк офиси бўлса, қолганлари тураржой бўлиб, жами 62 хонадонни ташкил этади. Айни кунларда яна иккита беш қаватли бинолар қурилиши бошланган. Кам таъминланган ва эҳтиёжманд аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида эса Нуробод қўрғонида жойлашган 2 бўш турган кўп қаватли уй-жойлар қайта таъмирланиб, кам таъминланган оилаларга ижара шартнома асосида ажратиб берилди.
А.Мусаев,
ЎзА.