Оҳангаронда "Санъаткорлар боғи" бунёд этилди
Кўчат экиб, боғ яратиш халқимизнинг энг эзгу қадриятларидан. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида "Санъаткорлар боғи" барпо этилди.
Мазкур савобли юмуш Президентимизнинг "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилди.
Оҳангарон шаҳрининг адирларга, кенгликларга туташ бўлган уч гектарли ҳудуди санъаткорларнинг кўчат экиб, боғ яратиши учун махсус ажратилди.

– Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосидаги "Яшил макон" лойиҳаси мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёйди, – деди Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева. – Бундай савобли лойиҳада қатнашаётганимиздан мамнунмиз.
– Кўчат экиш савобли юмуш, – деди Ўзбекистон халқ артисти, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри директори, опера юлдузи Рамиз Усмонов. – Лекин шу билан бирга келгусида эккан кўчатларимиздан бохабар бўлиш, уларни доимий парваришлаб бориш ҳам катта масъулият талаб этади.
– Халқимиз санъат учун, санъаткор учун жонини фидо этади, – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри бош директори Александр Бекжонов. – Биз боғ яратиш асносида халқимизнинг санъаткорларга бўлган чексиз меҳри, эътибори ва ҳурматини ҳис этдик.
– Боғ яратишдек лойиҳага ҳар бир санъаткор ҳисса қўшаётганидан мамнунмиз, – деди Ўзбекистон халқ артисти, Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли хонандаси Фурқат Ашуралиев. – Келгусида бу ерлар гуркираган боғларга айланишига умид билдирамиз.
Кўчат экиб, боғ яратиш ажойиб куй-қўшиқлар, мақом, опера, миллий ашулалар ижрочилигига уланиб кетди. Тадбир давомида яхши ниятлар билан юзлаб кўчатлар ўтқазилди.

Санъат усталари ва ижрочи-ёшлар иштирокида катта концерт дастури тадбирга янада файз бағишлади.
Шундай қилиб, Оҳангарондаги Нуробод қўрғони “Ёшлар маркази” биноси олдида элимиз ардоғида бўлган 120 нафардан ортиқ санъаткор, хонанда ва актёрлар иштирокида катта тадбир чинакам санъат, нафосат, мафтункор табиат байрамига айланиб кетди.


Назокат УСМОНОВА,
ЎзА мухбири