Ўғрилик жинояти фош этилди
Шофиркон туманида содир этилган ўғрилик жинояти фош этилди. Бу ҳақида Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Маълум бўлишича, 2023 йилнинг 21 март куни соат 22:00 дан 22 март куни соат 06:30 га қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс Шофиркон тумани Тинчлик маҳалласида жойлашган якка тартибдаги тадбиркор Ҳ.Х. га тегишли бўлган “Саврак Саховат” ошхонаси эшигининг қулфини бузиш йўли билан очиб ичкарига ғайриқонуний равишда киради. Ошхонанинг 2.5х2.5 метр ўлчамдаги бари остидаги металлдан ишланган сейфни бузади. Натижада мазкур сейф ичида сақланган қиймати 18.497.127 сўмга тенг бўлган 1.620 АҚШ доллари ва 7 миллион сўм миқдоридаги нақд пулларни яширин равишда талон-торож қилади. Жабрланувчига жами 25.497.127 сўм миқдорида моддий зарар етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Шофиркон тумани Боғиафзал маҳалласида яшовчи, 1999 йилда туғилган Ҳ.П. содир этганлиги аниқланди.
Ҳозирда ушбу шахснинг бошқа худди шу турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА