Огоҳлик – давр талаби
Мана, орзулар рўёбга чиқди.
Юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” поездини мамлакатимиз ҳудудидаги темир йўлларда кўрганимизда нафақат болалар, биз – катталар ҳам беҳад хурсанд бўлиб кетамиз. Негаки, бундан бир неча йил аввал кинофильмлар орқали хорижда шундай поездларни кўрганимизда уларни фақат орзу қилардик. Мана, орзулар рўёбга чиқди. Ушбу тезюрар поездга анча кўникиб қолдик. У ҳаётимизга сингиб кетди.
У ҳамюртларимизнинг узоғини яқин қилиш билан бирга республикамизга ташриф буюраётган сайёҳлар ва меҳмонларга уларни манзилларга тез ва хавфсиз етказиб қўйишда манзур бўлмоқда. Лекин ушбу поезднинг темирйўлларида ҳаракатланиши “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизими ходимларидан, айниқса, поездни бошқараётган машинист билан бирга ушбу тизимда – темир йўлларидаги ҳаракатларни тартибга солувчи, поездларнинг ўз вақтида ўтиш хавфсизлигини таъминловчи масъул ходимлардан ўта ҳушёрлик ва огоҳликни талаб этади. Агар шу ҳушёрлик бир зум унутилиши ёки совуққонлик оқибатида нохуш ҳодиса, тўғрироғи, фожеа рўй бериши мумкинлигини асло ёддан чиқармаслигимиз керак. Бунга қуйидаги воқеаларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Жорий йилнинг 25 сентябрь куни соат 08:45 да “Тошкент – Самарқанд” йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” поезди, ушбу темир йўл линиясининг 3446 км 6-пекитида жойлашган темир йўл кесишмаси (переезд) ўз вақтида ёпилмаганлиги сабабли, поезд ўтишига 10 сония қолганда йўлакдан “Камаз” русумли юк автомашинаси ўтиши натижасида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” поездининг хавфсизлигига катта таҳдид туғилган. Хўш бунга ким айбдор, деган савол туғилиши шубҳасиз.
Ушбу темир йўл кесишмасида 24 сентябрдан 25 сентябрга ўтар кечаси, Ховос йўл хўжалиги (ПЧ-3) баённомасига асосан тайинланган темир йўл ходими (монтёри) Х.Гусейнов навбатчиликни ўтаган. Лекин, Х.Гусейновнинг навбатчилик вақти 25 сентябрь соат 8:00 да тугаган. Ундан навбатчиликни қабул қилиб олиши зарур бўлган мазкур темир йўл кесишмаси навбатчиси Э.Курбаналиев ўз вазифасига масъулиятсизлик ва совуққонлик билан қараб, ишга кечикиб келган (9:10).
Шу сабабли “Афросиёб” поезди ўтиши назорат қилинмаган, яъни ўтиш йўлаги ўз вақтида ёпилмаган. Темир йўл кесишмаси навбатчилари бу хатти-ҳаракатлари билан соҳада ишлаб чиқилган йўриқнома талабларини қўпол равишда бузган.
Шунингдек, ўтган йилнинг 25 сентябрь куни “Сирдарё” темир йўл бекати навбатчиси Т.Ким “Тошкент – Самарқанд” йўналишида ҳаракатланаётган “Афросиёб” поездининг хизмат кўрсатиш ҳудудига кирганлиги тўғрисида темир йўл кесишмаси навбатчисига хабар бермаган ҳамда йўлакнинг ёпилганлигини назорат қилмай, қайд этилган Йўриқноманинг 13-бўлим 158-банди талабларини бузган.
Ушбу таъкидлаб ўтилган камчиликлар, поездлар ҳаракат хавфсизлигига таҳдид туғдириб, фавқулодда ҳолат (авария, поезднинг йўлдан чиқиб кетиши ва ҳоказолар) келиб чиқишига шароит туғдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ховос транспорт прокуратураси томонидан, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Тошкент минтақавий темир йўл узели бошлиғи номига 2019 йил 15 октябрда қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилди.
Натижада, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқарув раиси ўринбосари А.Камолов ҳузурида муҳокама қилинган ҳамда 2019 йил 2 октябрдаги баённомага асосан айбдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди. Ўз ишига масъулиятсизлик билан қараган раҳбарлар эса ўз лавозимидан четлатилди.
Бундан ташқари, поездлар ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳолатларни олдини олиш мақсадида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, Ховос транспорт прокуратураси ва Сирдарё вилоят ИИБ ТХТБ ходимлари томонидан ҳафтанинг ҳар чоршанба куни “Темир йўлларда хавфсиз кун” доирасида темир йўлга яқин жойлашган барча маҳалла, мактаб ва коллежларда мунтазам равишда тушунчалар бериб келинмоқда.
Халқимизда “кўза кунда эмас, кунида синади”, деган нақл бор. Хавф-хатар ва кўнгилсизликларнинг олдини олиш ҳар биримизнинг вазифамиз саналиб,биздан доимий равишда ҳушёрлик ва огоҳликни талаб этади.