Оғир атлетика: Перуда Ўзбекистон байроғи юксалмоқда
Перуда оғир атлетика бўйича ўтаётган ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида муносиб натижаларга эришаётган спортчиларимиз шарафига Ўзбекистон байроғи сарбаланд бўлмоқда.
70 га яқин мамлакатнинг 538 нафар ёш спортчиси қатнашаётган ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида яна бир кун ортда қолди. 3 май куни ўтказилган беллашувларда 4 нафар вакилимиз совриндорлар сафидан жой эгаллади.
Чемпионатнинг қизлар ўртасида -59 килограмм вазн тоифасида қатнашган Маржона Абдумуталова даст кўтаришда 88 кило билан кумуш, силтаб кўтаришда 102 кило натижа билан бронза, икки кураш якунига кўра, 190 килограмм кўрсаткич билан кумуш медаль соҳибасига айланди.

-81 килограммда совринли ўринларга даъвогарлик қилган Ҳикматилло Ҳайдаров даст кўтаришда 154 килолик бошни бўйсундириб, бронза медалига сазовор бўлди.
Шунингдек, ўсмир оғир атлетикачиларимиздан Мунисбек Давлетов ҳамда Дилнура Холдорова делегациямиз ҳисобига навбатдаги медалларни қўшиб қўйди.
Жумладан, эркаклар ўртасида -89 кг вазн тоифасида супачага кўтарилган Мунисбек Давлетов делегациямиз ҳисобига иккита кумуш медални қўшиб қўйди. Истеъдодли спортчимиз силтаб кўтаришда 179 кг тошни бўйсундирган бўлса, икки курашда 319 кг натижа қайд этди.

Аёллар ўртасида -71 кг вазн тоифасида баҳсларга киришган Дилнура Холдорова даст кўтаришда 93 кг натижа билан бронза медалига эга чиқди.
Жаҳон чемпионати мусобақалари 6 майга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА