Оғир атлетика: Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон номи эътироф этилди
Шу кунларда Мисрнинг Исмоилия шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати қизғин давом этмоқда.
48 та медаллар жамланмаси учун кечаётган баҳсларда 50 дан ортиқ давлатнинг 250 нафардан зиёд спортчилари қаторида Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг 6 нафар аъзоси ғолиблик йўлидаги баҳсларга қатнашмоқда.
Ёш оғир атлетикачиларимиздан Бобурмирзо Ёқубов -79 кг. вазн тоифасида муваффақиятли иштирок этиб, ўз фаолиятидаги навбатдаги муҳим натижани қайд этди. У жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритди.

Яна бир вакилимиз Ҳикматилло Ҳайдаровга мусобақада бироз омад етишмади. Спортчимиз силтаб кўтариш баҳсларида 179 кг. ва 184 кг. натижаларни қайд этди. Иккикураш якунларига кўра эса 334 кг. натижа билан умумий ҳисобда 4-ўринни эгаллади.
Ёш ва истиқболли спортчимиз Зиёда Худойқулова жаҳон чемпионатида ишончли иштирок этиб, бронза медалига эга чиқди. Мусобақа давомида у ўзининг халқаро мусобақалардаги шахсий натижасини ҳам яхшилашга эришди.

Мазкур жаҳон чемпионати доирасида Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда иштирок этган IWF Ижроия қўмитаси аъзоси, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Йиғилишда Ўзбекистонда мазкур спорт турини янада оммалаштириш, профессионал спортчиларни тайёрлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар эътироф этилди.
Хусусан, Тошкент вилояти Сойлиқ қишлоғида барпо этилган Акбар Жўраев номидаги оғир атлетика маркази спортчилар тайёргарлигини янги босқичга олиб чиқиш, жаҳонда оғир атлетикани янада ривожлантиришда бошқа мамлакатларга андоза бўлиши таъкидланди.

Бугун, 7 май жаҳон чемпионатининг олтинчи кунги мусобақаларида терма жамоамизнинг икки нафар аъзоси Мадина Файзуллаева -86 килограммда, Бекзод Ғофуржонов -94 кило оғирликдаги баҳсларда совринли ўринларга даъвогарлик қилади.
Жаҳон чемпионати мусобақалари 8 майга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА