Оғир атлетика: Хитойда Жаҳон чемпионати бошланди
Бугун, 27 октябрь куни Хитойнинг Нинбо шаҳрида дунё оғир атлетикачилари йилнинг энг муҳим мусобақаси саналган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати баҳсларига киришди.
16 та вазн тоифасида кечадиган чемпионатнинг илк кунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари иштирок этмайди. Ҳамюртларимиз эртага, 28 октябрдан баҳсларга киришади.
Чемпионат дастурига мувофиқ, эртага Адҳамжон Эргашев -65 килограмм оғирликда дунё биринчилигида ўз иштирокини бошласа, 29 октябрь Нигора Абдуллаева (-53 кг), 2 ноябрда Сарварбек Зафаржонов (-85 кг), 4 ноябрь куни Муҳаммадқодир Тоштемиров (-95 кг), 6 ноябрда Акбар Жўраев ( -110 кг), 7 ноябрда Нигора Сувонова (-86 кг) ва Ригина Адашбоева (-86 кг), 8 ноябрда Шарофиддин Амриддинов (+110 кг) совринли ўринларга даъвогарлик қилиш билан бирга, жаҳон рейтингининг муҳим очколари учун кураш олиб боради.

Кеча Нинбо шаҳрида жаҳон чемпионати доирасида Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF)нинг навбатдаги конгресс йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда IWF’га аъзо мамлакатларнинг миллий федерациялари вакиллари қаторида Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси бўлим бошлиғи Азамат Шарипов иштирок этди.
Конгресс кун тартибидан IWF президенти ва бош котибининг ҳисоботлари, йиллик молиявий ҳисобот, ташкилот уставига ўзгартириш киритиш таклифлари ҳамда қўмита ва комиссиялар фаолиятига оид масалалар кўриб чиқилди.

Муҳокамалар жараёнида антидопинг, спортчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, гендер тенглик ва таълим масалаларига эътибор қаратилди.
Эслатиб ўтамиз, “Лос-Анжелес-2028” Олимпиадасининг дастлабки рейтинг баллари ўйналадиган чемпионатда 150 дан зиёд давлатнинг 500 нафарга яқин оғир атлетикачилари иштирок этмоқда.
Т.Рўзиев,
ЎзА