Оғир атлетика: Диёрбек Эрматов жаҳон чемпиони!
Испаниянинг Леон шаҳрида ёшлар ўртасида ўтаётган жаҳон чемпионатининг -89 килограмм вазн тоифаси “А” гуруҳ баҳсларида иштирок этган ҳамюртимиз ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Ушбу вазн тоифасида ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Диёрбек Эрматов даст кўтаришда 162 кило натижа билан олтин медалга сазовор бўлди. Ҳамюртимиз силтаб кўтаришда 186 килограмм билан 5-ўрин ва икки кураш сарҳисобига кўра, 348 килограмм кўрсаткич билан 4-ўрин соҳибига айланди.
-81 килограмм вазн тоифасида ”А” гуруҳи баҳсларида иштирок этган терма жамоамиз аъзоларидан Абдулазиз Алимжонов ва Ҳайитбой Абдушукуров энг кучли ёш оғир атлетикачилар орасида еттинчи ва саккизинчи поғоналардан жой эгаллади.
25 сентябрь куни -81 килограмм вазнда аёллар ўртасида ўтадиган баҳсларда терма жамоамиз аъзоси Нигора Сувонова ўз омадини синовдан ўтказади.
Т.Рўзиев, ЎзА