Огаҳий таваллудига 212 йил тўлди
Буюк тафаккур эгаси, улкан шоир, ҳассос тарихчи, забардаст таржимон, давлат арбоби Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудига 212 йил тўлди.
Адиб, ижодининг бетакрор олами, тарихий ва таржима асарлари ҳозиргача ўзбек ўқувчиларининг севимли асарлари қаторида туради. Бугунги кунда Тошкент давлат шарқшунослик университетида буюк мутафаккир меросини тадқиқ этувчи билим кишиларининг бошини бир ерга жамлаган «Халқаро огаҳийшунослар кенгаши» фаолият юритмоқда. Шунингдек, университетда талабалар учун «Огаҳий стипендияси» таъсис этилган. Университет миқёсида 4 нафар талаба «Огаҳий»номидаги стипендия совриндоридир.

Булардан ташқари университет профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари томонидан адиблар хиёбонида Огаҳийнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган туркум тадбирлар ташкил этиб келинмоқда.
Тошкент давлат шарқшунослик университетида улуғ мутафаккир, серқирра ижодкор Муҳаммад Ризо Огаҳий меросини ўрганишга бағишлаб «Огаҳий ҳаёти ва ижоди - ёшлар тарбияси учун намуна» номли анъанавий анжуман бўлиб ўтди. Унда ТДШУ ректори Г. Рихсиева, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, туркиялик олим Фаридун Текин ва бошқа олимлар сўзга чиқдилар.
Анжуман сўнгида «Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси» ДУК ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамкорлигида суратга олинган «Огаҳий» ҳужжатли фильми намойиш этилди.
Нодира Усманова,
Тошкент давлат шарқшунослик талабаси