Одил судлов – инсон ҳуқуқлари кафолати
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти жиноят ишлари бўйича судлари томонидан жорий йилнинг тўққиз ойида 8.532 нафар шахсга нисбатан 7.321 та жиноят иши кўриб чиқилди.
Ҳисобот даврида ўтган йилга нисбатан фирибгарлик, ўғрилик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, безорилик, қасддан баданга шикаст етказиш, босқинчилик жиноятлари ошган бўлса, валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш, пора бериш, транспорт воситасини олиб қочиш жиноятлари камайган.
[gallery-9217]
Фарғона вилоят суди томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз юритилди. Айтиб ўтилганидек, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ўтган йилда 5 нафар шахс оқланган бўлса, жорий йилнинг таҳлил қилинаётган даврида 21 нафар шахс апелляция инстанциясида Жиноят-процессуал Кодексининг 83-моддасига асосан реабилитация қилиниб, уларга нисбатан юритилган жиноят ишлари тугатилди.
Тадбирда туманлараро иқтисодий судлар, фуқаролик судлари томонидан кўрилган ишлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Вилоятда йилнинг ўтган даврида мулк ҳуқуқига оид, яъни ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни буздириш, уйга киритиш билан боғлиқ низолар камайган бир пайтда кредит ундириш, оила, меҳнат низолари ҳамда никоҳдан ажратиш каби ишлар сони ошгани қайд этилди.
Журналистлар ва блогерлар соҳа вакилларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА