Одамларнинг дунёқараши ҳам, ҳаёт тарзи ҳам ўзгармоқда
Фарғона вилоятининг шаҳар ва туманларида “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида маърифий-маданий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Бугун мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳалардаги ислоҳотлар инсон омилига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Юртдошларимизнинг дунёқараши ўзгарди, юрт тақдирига дахдорлик туйғуси янада кучайди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилаётган маҳаллабай кесимидаги тарғибот тадбирларида ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти аҳолига оддий ва самимий усулларда, ҳаётий мисоллар асосида етказилмоқда. Хусусан, вилоятда олимлар, таниқли ёзувчи ҳамда шоирлар, маданият ва санъат намояндалари, истеъдодли ёшлардан иборат 86 та тарғибот гуруҳлари шакллантирилди.
Марғилон шаҳридаги “Янгибоғ” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган тадбир катта шодиёнага уланди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари М. Ҳожиматов, Тошкент давлат юридик университети ректори Р.Ҳакимов ва бошқалар янгиланаётган Ўзбекистонда олиб борилаётган сиёсат аҳоли турмуш фаровонлиги, жамият тараққиёти, инсонпарварлик ғоясининг асоси эканлигини таъкидлашди. Кенг кўламдаги ислоҳотлардан мақсад аҳолини ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун шароитларни яратиб беришдир.
Кўҳна ва навқирон Марғилонда бугун янгиланишлар нафасини яққол сезиш мумкин. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ижодкорлар боғи шаҳарнинг энг қайноқ нуқтасига айланган. Жорий йилда бунёд этилган Ҳунармандлар, Рақамли технологиялар маркази бугун шаҳарга кўрк бағишлаб турибди. Бир биридан муҳташам кўп қаватли уйлар эса кун сайин қад ростламоқда. Одамларнинг турмуш даражаси яхшиланяпти. Қўйингки, санъат ва илм аҳли бўлган марғилонликлар яратувчанлик ишқи билан яшашмоқда.
Тадбирда Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчилари ўз ижод намуналарини ўқиб эшиттирди. Шаҳар мусиқали мақом театри жамоаси томонидан “Ҳазрат Навоий” спектаклидан парча намойиш этилди, санъаткорларнинг куй-қўшиқлари кечага файз бағишлади.
Тошлоқ туманидаги 2-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Дилбарой Ўринбоева турон якка кураши бўйича Ўзбекистон чемпиони, жаҳон чемпионати совриндори. Унинг оиласи “темир дафтар”га киритилган бўлиб, доимо қўллаб-қувватланиб келиняпти. Шижоатли бу қизнинг орзулари бир олам.
“Садда” маҳалла фуқаролар йиғинидан бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбирда ана шу спортчи қиз мисолида юртимиз ёшлари камолотига қаратилаётган эътибор хусусида сўз юритилди. Одамлар ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар тилга олинди.
Тошкент давлат юридик университети ректори Раҳимжон Ҳакимов Дилбарой билан суҳбат жараёнида унинг режалари билан қизиқди. Мактабни тамомлагандан сўнг юридик университетга имтиёзли равишда талабаликка қабул қилишини билдирди.
Айни кунларда ана шундай тадбирлар шаҳар ва туманларда давом этмоқда.



М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА