Одамийлик мақомини баланд тутган олим
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан атоқли адабиётшунос олим, академик Бахтиёр Назаров хотира кечаси ҳамда олимнинг «Ижоднинг жон томири» китоби тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, академик Наим Каримов, атоқли адиб Муҳаммад Али, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон, адабиётшунос олим Баҳодир Каримов ва бошқалар устоз ижодкорларнинг хотирасини эъзозлаш, уларнинг илмий-адабий меросини тарғиб этиш бўйича Ёзувчилар уюшмасида тизимли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
– Бахтиёр Назаров илмий-ижодий фаолият олиб борган олим сифатида машҳур эди, – деди академик Наим Каримов. – У Ғафур Ғулом ва бошқа ижодкорлар меросини таҳлил қилишга кучли эътибор қаратди. Янги фикрлар, теша тегмаган мавзулар унинг изланишларида устувор эди. Айни пайтда Бахтиёр Назаров ўзбек-америка, ўзбек-немис, ўзбек-турк адабий алоқаларининг йўлга қўйилишига фаол ҳисса қўшган.
– Бахтиёр Назаров чин маънода оқибатли инсон эди, – деди атоқли адиб Муҳаммад Али. – Зеро, бугун оқибат тобора камёб бўлиб бораётган фазилат бўлиб қолгани таассуфлидир. Ҳар бир ижодкорнинг фаолиятини зийраклик билан кузатиш баробарида ёзувчига руҳ бериш, қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратар эди.
– Бахтиёр Назаров бағрикенг, шогирдлари ниҳоятда кўп бўлган устоз эди, – деди адабиётшунос олим Баҳодир Каримов. – Домланинг ижоди ҳақида кўп гапириш мумкин. Биз шундай бағрикенг устозлар ёнида ҳаёт сабоғини ўргандик.
[gallery-8858]
Устоз Бахтиёр Назаровнинг «Ижоднинг жон томири» илмий монографияси шогирдлари томонидан нашрга тайёрланди. Унга ХХ аср ўзбек адабиётининг йирик вакиллари Ғафур Ғулом, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Одил Ёқубов каби ижодкорлар ҳаёти, асарларига доир тадқиқотлари, шунингдек, Ҳ.Ёқубов, М.Қўшжонов, О.Шарафиддинов, Н.Каримов, Л.Қаюмов, К.Нурмуҳаммедов, Э.Каримов каби атоқли олимлар ҳақидаги адабий портретлар, қардош туркий халқлар адабиётининг машҳур намоёндалари Маҳтумқули, Ажиниёз, Тўлапберган Қайипберганов, Мухтор Авезов каби ижодкорлар ҳақидаги туркум мақолалари, ўз даврида адабиётга энди кириб келган ижодкорларнинг шеърий ва илмий монографияларига ёзган сўзбошилари жамланган.
«Ижоднинг теран томири» номли китоб жорий йилда «Тафаккур томчилари» нашриётида 300 нусхада чоп этилган.
Бахтиёр Назаровнинг «Олим маданияти», «Ўзбек адабий танқидчилиги. Ғоявийлик, метод ва қаҳрамон», «Бу сеҳрли дунё», «Ҳаётийлик – безавол мезон», «Ҳамза абадияти», «Ғафур Ғулом олами» каби илмий монографиялари чоп этилган.
Шунингдек, «Ўзбек адабий танқиди тарихи» , уч жилдлик «Адабий турлар ва жанрлар» каби фундаментал тадқиқотларни яратишда муаллифларидан бири сифатида иштирок этган. Шу билан бирга, 20 жилдлик «Ойбек. Мукаммал асарлар тўплами»ни тайёрлашга ҳам ҳисса қўшган.
Хотира тадбирида академик Бахтиёр Назаровнинг ибратли фазилатлари миннатдорлик билан ёдга олинди.
Назокат Усмонова, ЎзА